Тошкентдаги Сеул боғи Кореядан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан реконструкция қилинади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов Кореянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг билан учрашди. Тошкент ва Сеул ўртасида йўлга қўйилган биродарлик алоқаларини кенгайтириш ва шаҳарларнинг биргаликдаги ривожланиш режаларини амалга ошириш, Корея бизнесидаги ютуқларни Ўзбекистон ва Тошкентда қўллаш аҳамиятли бўлиши таъкидланди.
Суҳбат давомида Тошкентдаги Сеул боғини реконструкция қилиш ҳамда инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш масаласи алоҳида муҳокама этилди. Ким Хи Санг жорий йилда Сеул шаҳри мэрияси томонидан боғни қайта таъмирлаш учун 340 минг АҚШ доллари, Корея Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эса 152 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш режалаштирилаётганини билдириб, бу ишлар ўз муддатида, юқори сифатда бажарилиши учун Тошкент шаҳри ҳокимлигининг амалий ёрдами муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, Корея инвестицияси асосида ишга тушиши мўлжалланган марказ фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий масалаларини баён этди.
Шавкат Умурзоқов Сеул боғи икки мамлакат дўстлиги рамзи эканлигига эътибор қаратиб, қайта таъмирлаш ишлари бошлангунига қадар ҳам боғни тартибга келтириш ишлари амалга оширилиши ва реконструкция жараёнида ҳам зарур амалий ёрдам кўрсатилишини билдирди.
Тошкентдаги Сеул боғи
Тошкентда Бобур боғи ҳудудида қурилган Сеул боғининг очилиш маросими 2014 йил бўлиб ўтган. Унинг умумий майдони 17,5 гектарни, кўкаламзорлаштирилган ҳудуд 7 гектарни ташкил этади. Корея томонидан молиялаштирилган Тошкентдаги Сеул боғини қуришдан асосий мақсад Жанубий Корея маданияти, анъаналари, миллий хусусиятларини тарғиб этишга, шунингдек, мамлакатлар ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат бўлди.
Изоҳ (0)