Зўравонликка қарши курашувчи “Не молчи” лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко ўлим таҳдиди туфайли Ўзбекистонни вақтинча тарк этди. ИИВ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Ирина Матвиенко ўзининг саҳифаларида бўлган воқеа ҳақида айтиб берган. Унга кўра, апрель ойида унга ўлим таҳдиди билан хабар келган. Шундан сўнг у психологга мурожаат қилган ва Тбилисига кетишга қарор қилган.
“Ҳеч қачон таҳдид мени бунчалик қўрқитади, деб ўйламаган эдим. Биргина таҳдид сабаб Ўзбекистондан кетишим хаёлимга ҳам келмаганди”, деб ёзган у.
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот бериб, ҳозирда журналистга келган таҳдидли хабар Тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази томонидан ўрганилаётганини маълум қилди.
“Жамоат фаоли Ирина Матвиенконинг шахсий аккаунтига юборилган таҳдидли хабар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази томонидан ўрганилмоқда.
Ўрганиш натижалари бўйича ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади”, дейилади ИИВ баёнотида.
Изоҳ (0)