Ўзбекистонда март ойида хорижда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси сезиларли даражада ошди. Бу ҳақда “Review.uz” хабар бермоқда.
Бир ой ичда “иномарка”лар бўйича битимлар сони 15 фоизга кўпайган ва 2,9 минг донага етган.
Бу Ўзбекистон учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади. 2022 йилнинг ноябрь ойида ҳам худди шунча хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси кузатилган эди.
Март ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 баробар кўпроқ “иномарка” сотилган.
Хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар сотувининг кескин кўпайишига 2023 йил 1 январдан “иномарка”ларни Ўзбекистон ҳудудига исталган шахс томонидан олиб киришга рухсат берилгани сабаб бўлмоқда.
Аввал бу жараён фақат дилерлар орқали амалга оширилар эди. Яқин ойлар ичида чет эл автомобиллари савдоси янада кўпайиши кутилмоқда.
Шунингдек, март ойида электромобиллар бозоридаги фаоллик сезиларли даражада ошди. Бирламчи бозорда сотувлар 34 фоизга ошган бўлса, иккиламчи бозор 24 фоизга ўсишни кўрсатди.
Умуман олганда, 2023 йилнинг I чорагида йиллик ўсиш 2 бараварга кўпайган ҳолда 2,2 минг дона енгил электромобил сотилган.
Изоҳ (0)