Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги клиникада 13 апрель куни тиббиёт ходимлари шифохона деворларини тозалади. Бандлик вазирлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат бўйича шифохона бош шифокори ва ходимларидан тушунтириш хатлари олинган. Бунда муассасанинг кичик тиббий ходимлари (санитарка) томонидан ҳар куни тозалаш ишлари олиб борилиши, ушбу ишлар тўғридан тўғри кичик тиббий ходимларнинг функсионал вазифасига кириши кўрсатилган.
Шунингдек, тушунтириш хатларида ходимларнинг ўз хизмат вазифаларидан бошқа ишларни ҳамда иш вақтидан ташқари юмушларни бажаришга топшириқ ва буйруқлар қабул қилинмагани акс этган. Тасдиқланган хизмат вазифаларида шифохонада тозалаш ишлари айнан кичик тиббий ходимининг функсионал вазифасига кириши кўрсатилган.
“Агар сиз мажбурий тарзда бирор-бир меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз, Бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Биз ҳар қандай турдаги мажбурий меҳнатга қаршимиз ва ҳар қандай ҳолатни ўрганиб чиқишга тайёрмиз. Барча маълумот ва мурожаатлар белгиланган тартибда тезкорлик билан ўрганиб чиқилади ҳамда зарур чоралар кўрилади. Мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирор-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади”, — дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ (0)