Президент томонидан имзоланган қонун билан “Истеъмол кредити тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритилди, деб хабар беради Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали.
Киритилган ўзгартишга кўра:
- Молиявий истеъмол кредитидан фойдаланишда шартнома товарни (хизматни) истеъмолчи томонидан сотиб олишга доир шартнома кучга киргунига қадар ёки кучга кирганидан кейин тузилиши мумкин;
- Молиявий истеъмол кредити бериш истеъмол товарларини (хизматларни) ишлаб чиқарувчининг ёки реализация қилувчи субъектнинг (юридик ва жисмоний шахснинг) банкдаги ҳисобварағига банк ёхуд бошқа кредит ташкилоти томонидан пул маблағлари ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Молиявий истеъмол кредитининг нақд пулда берилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, мазкур қонун билан Ўзбекистонда истеъмол кредити мамлакатда ишлаб чиқарилмаган маҳсулотлар ва хизматлар учун ҳам бериладиган бўлди.
Таъкидлаш керакки, шу пайтга қадар мамлакатда истеъмол кредити фақатгина маҳаллий товар ва хизматлар учун берилар эди. Бу эса аҳолининг турли усуллар билан ушбу чекловларни “айланиб ўтишига” сабаб бўлади.
“Ушбу ўзгариш молиявий истеъмол кредити бериш тартибини такомиллаштириш ва соддалаштиришга, шунингдек, истеъмолчи фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратишга ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади”, — дейилади ҳужжат матнида.
Бу одамларга нима беради?
Мамлакат банкларида истеъмол кредити микроқарзга нисбатан пастроқ фоизда ажратилади. Ўзбекистонликлар микроқарзни банклардан 50 миллион сўмгача олиши мумкин. Истеъмол кредити эса 400 миллион сўмгача ажратилади.
Янги қонун лойиҳаси мамлакат аҳолисига хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар учун камроқ фоизда ва кўпроқ миқдорда кредит олиш имконини беради.
Айрим банк соҳаси ходимлари фикрига кўра, қонун лойиҳаси одамлар орасида банкка бўлган ишончни янада ошириши мумкин.
Бундан ташқари 15-моддада назарда тутилган “истеъмолчи молиявий истеъмол кредити олиш тўғрисида истеъмол товарларини (хизматларни) ишлаб чиқарувчи ёки реализация қилувчини олдиндан ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилиши шарт” деган қисм чиқариб ташланди.
Бунинг натижасида истеъмолчи томонидан ишлаб чиқарувчи ёки реализация қилувчини олдиндан хабардор қилиши шартлиги ўз аҳамиятини йўқотади.
Изоҳ (0)