НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украина президенти Владимир Зеленский июль ойида бўлиб ўтадиган алянс саммитига таклиф қилинганини айтди. Бу ҳақда у НАТО—Украина комиссиясининг Брюсселдаги йиғилишидан сўнг маълум қилди, деб хабар бермоқда CNN.
“Кучли ва мустақил Украина Евро-Атлантика минтақаси барқарорлиги учун жуда муҳим ва биз июль ойида Вилнюсда бўлиб ўтадиган саммитда президент Зеленский билан учрашишни интиқлик билан кутмоқдамиз”, — деди Столтенберг.
НАТО саммити 11 июль куни Вилнюсда бўлиб ўтади.
НАТОга йўл: ҳозирча нималар маълум?
2020 йил июнь ойида Шимолий Атлантика кенгаши Украинани НАТОнинг Кенгайтирилган имкониятлар дастури аъзоси сифатида тан олган эди.
2021 йил август ойида Эстония президенти Керсти Кальюлайд Украина Россия томонидан босиб олинган барча ҳудудларни қайтармагунча НАТОга аъзо бўла олмаслигини айтган.
2022 йил 30 сентябрда кенг кўламли уруш давом этаётган бир пайтда Владимир Зеленский Украинанинг НАТОга тезлаштирилган асосда қўшилиши бўйича аризани имзолади. Шундан сўнг алянс бош котиби улар ҳозир Украина мудофаасини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратаётганини таъкидлади.
НАТОнинг юқори мартабали мулозими журналистларга айтишича, Вилнюсдаги саммитда иттифоқчилар Украина масаласида “ҳаммани қаноатлантира оладиган” формула топишни режалаштирмоқда
Изоҳ (0)