НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг алянсга аъзо давлатлардан Украинага Комплекс ёрдам пакети учун йилига 500 миллион евродан ажратишни сўради. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Bloomberg хабар берди. Украина айнан ушбу пакет орқали қисқа муддатли ёрдам — ёнилғи, Россия босқинига қарши ҳимоя воситаларини олмоқда.
![](/static/2023/surayyo2/1641580500-8092.jpg)
Қайд этилишича, ушбу пакет Украинага Қуролли кучларини модернизация қилиш ва НАТОнинг ўзаро ҳамкорлик стандартларига эришиш учун узоқ муддатли ёрдам кўрсатиш мақсадлари учун ҳам йўналтирилган.
Агентлик маълумотларига кўра, Столтенберг таклифи тафсилотлари ҳали ишлаб чиқилмоқда. Қўшимча қилинишича, Украинанинг НАТО стандартларига ўтишига кўмаклашиш иттифоқчиларга совет техникаси захиралари тугаши муносабати билан Киевга пакет доирасида замонавий илғор қуроллар етказиб беришни бошлаш имконини бериши мумкин.
Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан бери НАТО ва унинг аъзолари томонидан берилган ёрдамнинг умумий миқдори аллақачон 150 миллиард евродан ошган.
Украинага Комплекс ёрдам пакети 2016 йилда Варшавада бўлиб ўтган НАТО саммитидан сўнг жорий қилинган эди. У ноҳарбий ёрдам кўрсатиш ва Украина қуролли кучларининг алянс стандартлари билан ўзаро ҳамкорлигини яхшилашга қаратилган. НАТО аъзолари ҳалок қилувчи воситаларни ўз ичига оладиган ёрдамни алоҳида кўрсатади.
Украинадаги урушда НАТО ёрдами
Шимолий Атлантика алянси кенг кўламли босқиннинг дастлабки кунларидан бошлаб Россияга қарши курашда Украинани қўллаб-қувватламоқда.
Ўтган йил давомида Ғарб иттифоқчилари Украинага 70 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам кўрсатди, деди Столтенберг.
Бош котиб аввалроқ НАТО давлатлари Украинага ғалаба қозониши учун зарур бўлган ҳамма нарсани тақдим этишга ваъда берганди.