Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналар ҳузурида 55 та референдум участкаси тузилади. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Марказий сайлов комиссиясининг 27 март куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича 30 апрелда бўлиб ўтадиган референдумда хорижий мамлакатлардаги ватандошларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишларини таъминлаш масаласи кўриб чиқилган.
Референдум бўйича сайлов участкалари ишини элчихона ходимлари, консуллар, элчихона маслаҳатчилари, ватандошлар таъминлайди. Агентлик референдум ўтказиладиган жойлар манзилларининг электрон харитасини ишлаб чиққан.
Энг яқин референдум сайлов участкалари ҳақида маълумотни ушбу ҳавола орқали олиш мумкин.
Ўзбекистоннинг ўзида Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларида 14 та референдум округи ташкил этилмоқда. Хориждаги участкалар Тошкент шаҳар округига бириктирилган. Референдумни ўтказиш бўйича 14 та округ комиссиясида умумий ҳисобда 266 киши ишлайди.
Таъкидланишича, 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида “Дунё” агентлиги томонидан ишлаб чиқилган участка сайлов комиссиялари манзилларининг электрон харитасидан 71 мингдан ортиқ киши фойдаланган.
Олий Мажлис Сенати 14 март куни бўлиб ўтган мажлисда янги таҳрирдаги Конституция тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги қарорни маъқуллаганди. Қонун лойиҳаси “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарининг 15 март кунги сонида эълон қилинди. Қонун лойиҳаси 6 бўлим, 155-моддадан иборат.