Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бири қийшиқ қурилаётгани айтилган видео тарқалди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, туманнинг Ислом Каримов ва Бунёдкор кўчалари кесишувида жойлашган қурилиш объекти замонавий архитектура намунаси сифатида ўзига хос дизайн асосида лойиҳалаштирилган бўлиб, бу бино конструктив элементларида камчиликлар борлигини англатмайди. Қурилиш ишлари белгиланган талаб ва меъёрлар асосида амалга оширилмоқда.
Хусусан,
- тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларининг КЖ (темир-бетон конструкциялар) бўлимининг ечимларига асосан 23-қаватдан 26-қаватгача К-4 ва К-5 қуйма темир-бетон устунлар эгилган ҳолда лойиҳалаштирилган ҳамда бу қурилиш меъёрлари ва қоидаларига асосан бажарилган;
- ишчи лойиҳа ҳужжатлари МB Studio МЧЖ томонидан ишлаб чиқилганидан сўнг, “Зилзилабардош қурилишнинг илмий-тадқиқот ва лойҳа маркази антисейсмик” МЧЖ томонидан ушбу ҳудуд сейсмикасига ёндошган ҳолда текширилган ва 2021 йил 16 мартда бу борада ҳам ижобий хулоса олинган.
Аввалроқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан Андижон вилоятидаги қурилиш объектларида ўтказилган ўрганишлар давомида қурувчилар лойиҳаларда кўзда тутилган талабларга риоя қилмаётгани аниқланганди.