Нукусдаги тартибсизликлар бўйича судланган 44 нафар шахснинг оила аъзолари томонидан юборилган мурожаат ижобий ҳал этилди. Бу ҳақда Мустақил комиссия хабар берди.
Қайд этилишича, Мустақил комиссияга 22 ва 39 нафар шахснинг оила аъзолари ҳамда яқинлари судланганлар билан қўшимча қисқа муддатли учрашувларни ташкил этишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Нукусдаги тартибсизликлар бўйича Бухоро вилоятида бўлиб ўтган суд жараёнларида жами 61 нафар судланган бўлса, улардан 16 нафари суд залидан озод қилинган, бир нафари эса вафот этган эди. 44 нафар судланганнинг яқинлари томонидан юборилган мазкур мурожаат Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия аъзолари томонидан ўрганиб чиқилган ва мурожаатни ижобий ҳал этиш бўйича Олий судга илтимоснома киритилган. Инсонпарварлик тамойиллари асосида илтимоснома қаноатлантирилган.
Шундан сўнг, Бухоро вилоятидаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган судланганларнинг оила аъзолари билан учрашувларини ташкиллаштириш, йўл харажатларини қоплаш масаласида Жўқорғи Kенесга ҳамда қисқа муддатли учрашувлар учун керакли шароитларни ҳозирлаш бўйича Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти тергов ҳибсхонасига мурожаат қилинган.
Натижада 30 март куни 39 нафар тергов ҳибсхонада сақланаётган судланган шахсларнинг 77 нафар оила аъзолари ва яқинлари билан қисқа муддатли учрашувлари ташкил этилган. Қолган 5 нафар судланган шахсларнинг яқинлари учрашувларда иштирок этмаслигини билдирган. Шунингдек, судланганларга қўшимча йўқловлар ҳам киритилган.
Аввалроқ, 31 январь куни Бухоро вилоятида ўтказилган биринчи инстанция суди Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон суди судьяси Элубай Абибуллаев раислигида 31 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда 22 нафар судланувчига нисбатан ҳукм эълон қилинганди. Хусусан, “Ел хизметинде” газетаси муҳаррири ва блогер Давлетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди, Каллихонова, Турданов, Сметуллаев ва Нуратдинов суд залидан озод қилинди.