Фурқат Сиддиқов Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси сифатида фаолиятини бошлади. Бу ҳақда унинг ўзи Twitter саҳифасида маълум қилди.
“Бугун мен элчи, протокол бошлиғи Руфус Гиффорд билан учрашдим ва ишонч ёрлиқлари нусхасини тақдим этдим. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ йиллик мустаҳкам икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштириш йўллари юзасидан самарали суҳбатлашдик”, — деб ёзади Сиддиқов.
Фурқат Сиддиқов 1971 йил 7 февраль куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1993 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини UzDaewoo Electronics қўшма корхонаси катта мутахассиси сифатида бошлаган.
2015—2020 йилларда Ўзбекистоннинг Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, 2020—2022 йилларда ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. У 2022 йилнинг 14 ноябридан бери ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётганди.
2017 йилдан бери Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси сифатида Жавлон Ваҳобов ишлаб келаётганди. 2 апрель куни у Ўзбекистоннинг АҚШ, Канада ва Бразилиядаги элчиси лавозимидаги фаолиятини якунлаб, Ўзбекистонга қайтиб келган.