Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда март ойида ўтказилган назорат тадбирларида 510 та ҳолатда 46,2 миллион кВт/соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бу Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Назорат тадбирлари натижасида тизимга 21,9 миллиард сўм зарар етказилгани маълум бўлган. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 231 минг хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Фарғона, Наманган, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.
Мисол учун, Наманган вилоятидаги “М.С.С.” МЧЖга қарашли металл маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи цехда 1,6 миллиард сўм, Самарқанд вилоятидаги “М. К.” МЧЖда 898 миллион сўм, Фарғона вилоятидаги “Д. К.” МЧЖда 349 миллион сўм миқдорида қайта ҳисоблаш ишлари амалга оширилган.
Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.
Аввалроқ Жиззах, Андижон ва Фарғона вилоятларида электрдан ноқонуний фойдаланганлар 913,5 млн сўм зарар етказгани тўғрисида хабар берилганди.