Тошкент шаҳар ҳокимлиги III Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида эришилган инвестиция битимлари ва келишувларни амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар режасини маълум қилди.
Ҳокимлик эълон қилган йўл харитасига мувофиқ, Хитойнинг Guangdong Zomman Energy technology компанияси Тошкент шаҳрида жойлашган саноат корхоналарининг том қисмига қуввати 100 МВт бўлган қуёш панелларини ўрнатади. Лойиҳа қиймати 100 миллион доллар бўлиб, уни 2025 йил март ойида ишга тушириш белгиланган.
Шунингдек, Россиянинг “Строител-98” компанияси томонидан “Янги авлод” махсус саноат зонасида “А” тоифадаги логистика марказини ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун 158 миллион доллар сарфланиши ва у режага муовфиқ 2026 йилнинг декабрь ойида фойдаланишга топширилиши кўрсатилган.
Режада Ritz Carlton бренди остидаги 5 юлдузли меҳмонхона фаолиятини ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Қиймати 200 миллион доллар деб баҳоланган меҳмонхонани Озарбайжоннинг Pasha Development фирмаси қуриб, 2025 йилнинг мартида топширади.
Қўшимча қилинишича, июнь ойидан маҳаллий экспортчиларнинг электрон тижорат соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ташкил қилиб борилади.
Изоҳ (0)