Қаршида қурилиш бўлаётган бино олдидаги 35 туп манзарали дарахт кесиб ташлангани тўғрисида хабар берилганди. Табиат ресурслари вазирлиги Қашқадарё вилояти бошқармасининг маълум қилишича, ҳолат бўйича ҳужжатлар прокуратурага тақдим этилган.
![](/static/2023/03/Fozilbe/photo_2023-04-03_11-39-54.jpg)
Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги “Табассум” маҳалласида 35 туп манзарали дарахт номаълум шахслар томонидан кесиб кетилгани тасвирланган суратлар тарқалганди.
Ушбу ҳолат бошқарманинг давлат инспекторлари томонидан жойида ўрганилган. Ўрганишлар давомида Қарши шаҳар “Табассум” МФЙ ҳудудида 30 туп ҳар хил турдаги ва диаметрдаги дарахтлар ноқонуний равишда кесиб ташлангани аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича ўсимлик дунёсига етказилган 151 миллион 650 минг сўм зарар ҳисобланган ҳамда ҳолат юзасидан расмийлаштирилган барча ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Қашқадарё вилоят прокуратурасига тақдим қилинган.
Қашқадарё вилояти ИИБга кўра, ҳолат юзасидан Қарши ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Олдинроқ Ўзбекистонда 2022 йил давомида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши ортидан табиатга 10 миллиард сўм зарар етказилгани айтилганди.