Февраль ойидаги Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида тузилган битимлар ҳажми ва янги ташкил этилган корхоналар ўрганилди. Бу ҳақда “Дарё”га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 20,1 фоизга ўсди.
Биржа фаолиятининг сезиларли ўсиши Сирдарё (102 фоиз), Қашқадарё (72,4 фоиз), Самарқанд (55,1 фоиз) ва Сурхондарё (46,8 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (51,4 фоиз) ва Тошкент (6,9 фоиз) вилоятларида кузатилди.
Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши пахта толаси, буғдой уни, буғдой, суюлтирилган газ, минерал ўғит, техник чигит, автомобиль бензини, дизел ёқилғиси, қурилиш ва маиший материаллар, шакар, қора ва рангли металлар прокати, полиэтилен ва бошқа маҳсулотлар савдосини кўпайтириш ҳисобига таъминланмоқда.
Шунингдек, таҳлил қилинаётган даврда 15 404 та янги корхона ташкил этилди. Уларнинг энг кўпи Самарқанд (1 391), Қашқадарё (1 346), Фарғона (1 340), Тошкент (1 167), Хоразм (1 059), вилоятлари ва Тошкент (3 012) шаҳрида рўйхатга олинган.
Изоҳ (0)