Бухоро шаҳрида қизнинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини тарқатиш билан қўрқитиб, ундан пул ундириб келган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бухоро шаҳрида яшовчи 18 ёшли Х.А. ва А.И. олдиндан жиноий тил бириктириб, Жондор туманида яшовчи бир қизнинг беҳаё видеоларини тарқатиш ва шарманда қилиш билан қўрқитиб келган.
Улар 2023 йил 6 февраль кунидан бошлаб бир неча маротаба қиздан пул талаб қилиб олиб, охирги маротаба талаб қилинган 15 миллион сўмдан 9,9 миллион сўм миқдоридаги пулларни олган. Аммо бу билан кифояланмасдан улар қизни яна 4,1 миллион сўм миқдоридаги пулларни беришга мажбур қилиш даражасига келтириб қўйган.
Қизнинг Бухоро вилояти ИИБга қилган мурожаати асосида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу икки шахс Бухоро шаҳар Педагогика институти олдида талаб қилинган пулларни олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда шахсий ёзишмалар ва суратларни тарқатмаслик учун эркакдан пул талаб қилган йигит ушланганди.
Изоҳ (0)