“Ўзбеккимёмаш заводи”нинг устав капиталидаги 44,71 фоиз акциялар пакети Нидерландия компаниясига сотилди. Бу ҳақда “UzAssets инвестиция компанияси” хабар берди.
Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, UzAssets’нинг “Ўзбеккимёмаш заводи” устав капиталидаги 44,71 фоиз акциялар пакетини 37 млрд сўмга Tropidia Holding B.V.’га сотиш бўйича келишувга эришилди.
UzAssets 2021 йил 25 августда “Ўзбеккимёмаш” акциядорлик жамиятидаги давлат улушини сотишини маълум қилган эди. Жараёнда Deloitte халқаро компанияси хусусийлаштириш бўйича консултант бўлиб, Dentons халқаро компанияси ҳуқуқий масалаларда кўмаклашган.
Натижада инвесторлардан сотиб олиш бўйича қизиқиш тўғрисидаги 5 та ариза (Express оf Interest) келиб тушган.
Компания ҳақида
“Ўзбеккимёмаш” заводига 1941 йилда асос солинган. У иссиқлик алмашинуви ускуналари, насослар, турбокомпрессорлар, устунлар ва танклар аппаратларини, шунингдек, мураккаб металл конструкцияларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва техник хизмат кўрсатишга ихтисослашган.
Шунингдек, корхона электр энергияси, табиий газ, карбонат ангидрид, кислород бўйича улкан таъминот қувватига, шунингдек темир йўл линияларининг тайёр йўлакларига эга — Чирчиқ станциясидан 5,9 км узоқликда, юк кўтариш қуввати — 250 вагон/ойига 10 минг тонна.
Бундан ташқари, Корхона “Навоиязот”, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, “МаксамЧирчиқ” ва бошқа бир қатор жамиятлар учун эҳтиёт қисмларни етказиб берувчи ҳисобланади.
Изоҳ (0)