Тошкент ва Қатар пойтахти Доҳа шаҳарлари орасида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 14 март куни инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Қатарнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳашем билан учрашди. Суҳбат чоғида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовнинг 2023 йил февраль ойида Доҳага ташрифи давомида эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди.
Музокаралар вақтида икки давлат ўртасида амалда бўлган барча келишувларнинг самарали ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, бизнес тузилмалари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш, тўсиқлик қилувчи муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган ечим топиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.
Учрашув якунлари бўйича қатор қўшма лойиҳаларни, жумладан Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида буғ-газ электр станцияларини қуриш, шунингдек, сайёҳлик оқими ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш мақсадида Qatar Airways томонидан икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни ташкил этиш бўйича ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштиришга келишилди.
Изоҳ (0)