Тошкент вилоятидаги уйларнинг бирида итлар шафқатсизларча сўйилиб, териси шилиб олингани аниқланди, деб хабар беради “Меҳр ва Оқибат” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти.
Маълум қилинишича, 4 март куни “Меҳр ва оқибат” жамиятига вилоятнинг Аҳмад Яссавий колхозида жойлашган уйларнинг бирида итлар “шафқатсизларча ўлдирилаётгани” тўғрисида мурожаат келиб тушган.
Жамият вакиллари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан биргаликда белгиланган манзилга етиб борган.
Волонтёрлар ИИБ ходимлари билан уй ҳовлисига кирганида қон ва ўнлаб ит териларига дуч келган. Жиноятчилар қон ва териларнинг устига тупроқ ташлаб, изларни яширмоқчи бўлган. Шунга қарамай, уй эгаси бу ерда ит сўйилмаслигини айтган.
Волонтёрлар 35 та ит ва 9 та кучукни сақлаб қолишга муваффақ бўлган. 10 та ит “Кавчег” бошпанасига, қолганлари эса “Меҳр” марказига ўтказилган.
Ҳозирда ҳодисанинг барча ҳолатлари, жумладан, итлар қандай ва қаерга етказилгани ўрганилмоқда.
Изоҳ (0)