Тошкент шаҳрида 2023 йил июль ойидан давлат тиббий суғуртаси тизими механизмлари татбиқ этилади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Бунинг учун:
- пойтахтдаги 72 та поликлиника ва 40 та шифохона компьютер ва тиббий ускуналар билан жиҳозланади, тиббиёт муассасалари тўлиқ рақамлаштирилади;
- 1400 та тиббий бригаданинг 4900 нафар шифокор ва ҳамшираси махсус курсларда ўқитилади;
- “электрон рецепт” асосида аҳолининг эҳтиёжманд қатламига дори воситаларини бепул бериш йўлга қўйилади;
- Тошкент тажрибаси асосида кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудларда 170 та ихчам маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилади;
- 579 та маҳалла фуқаролар йиғини биносида саломатлик мактаби очилади ва соғлом турмуш тарзини фаол олиб борган, юқори натижаларга эришган фуқаролар рағбатлантириб борилади.
“Энг муҳими, тизим тўғри йўлга қўйилиб, ишлар тўлиқ ташкил этилгандан сўнг аҳоли кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш пакетларидан фойдаланиш имконига эга бўлади”, — дейилади хабарда.
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов январь ойида 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг иккита ҳудудида тиббий суғурта жорий этилишини маълум қилганди. Унга кўра, шу йилдан бошлаб давлат тиббий суғурта тизимини Тошкент шаҳрида жорий қилиш учун барча имкониятлар мавжуд. Вазирлик эса ўзига мажбурият олган ҳолда Навоий вилоятида ҳам тиббий суғуртани йўлга қўяди.
Изоҳ (0)