Жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон судида террористик ташкилот фаолиятида иштирок этган 24 ёшли йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилди, деб хабар беради ЎзА.
Қайд этилишича, Наманган шаҳрида яшовчи, 1999 йилда туғилган фуқаро 2020 йилнинг сентябрь ойида мавсумий ишлаш мақсадида Туркиянинг Истанбул шаҳрига бориб, тикувчилик цехига ишга жойлашган. Ишлаши даврида интернет орқали “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти собиқ етакчиси “Абу Салоҳ”нинг маърузаларини мунтазам тинглаши натижасида, унда экстремистик қарашлар шаклланган.
Сўнгра “Тавҳид ва жиҳод катибаси” жангарилари сафига қўшилиш мақсадида интернет орқали мазкур ташкилотнинг 2 нафар аъзоси билан танишиб, уларнинг йўл-йўриқлари асосида 2021 йилнинг январь ойида Сурия давлатига ўтган.
У ерда ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик ташкилоти жойлашган ҳудудни қўриқлаш билан шуғулланган.
Терроризмга қарши курашиш доирасида ушбу шахснинг қилмишларига чек қўйилиб, 2022 йилнинг июнь ойида ушбу йигит Ўзбекистонга олиб келинган ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишлари бўйича Тўрақўрғон туман судининг ҳукмига асосан мазкур фуқаро Жиноят кодексининг 155-2-моддасининг (терроризм) 1-қисми ва 244-2-моддасининг (оммавий тартибсизликлар) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)