Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) кенгаши 21 февраль кунги йиғилишда Россия шахмат федерациясининг (РШФ) Осиё шахмат федерациясига (ACF) қўшилиш борасидаги сўровини қабул қилди.
Қайд этилишича, Осиё шахмат федерациясининг 28 февраль куни Абу-Дабида бўлиб ўтадиган Бош Ассамблея йиғилишида ушбу масала юзасидан қарор қабул қилинади. Агар Россиянинг сўрови қабул қилинса, у ҳолда РШФ автоматик равишда Европа шахмат иттифоқи аъзолигидан чиқарилади.
FIDE қарорига кўра, агар россиялик шахматчилар бу қарордан қониқмаган ҳолда ўз федерациясини ўзгартиришни истаса, уларга нисбатан ҳеч қандай чеклов қўйилмайди. Шахматчилар исталган бошқа мамлакат федерациясига қўшилиши ёки Европа шахмат иттифоқи аъзоси сифатида қолиши мумкин.
Россиянинг 2022 йил февраль ойида Украинага бостириб кириши оқибатида кўплаб спорт ташкилотлари қатори FIDE ҳам россиялик шахматчиларни маълум муддатга мусобақалардан четлаштирганди. Кейинроқ уларга халқаро мусобақаларда FIDE байроғи остида дона суришга рухсат берилди.
Изоҳ (0)