Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов урушнинг тугаш шартини айтди. У The Sun нашрига берган интервьюсида бу ҳақда гапирди.
Даниловнинг сўзларига кўра, уруш “Украина танклари Қизил майдонда бўлганида тугайди” ва бу адолатли ечим ҳисобланади.
“Бу урушни биз бошламадик. Уларни Украинага чақирганимиз йўқ. Бизнинг ҳудудимизга бостириб киришди — аёлларимизни, болаларимизни, қарияларимизни ва тинч аҳолини ўлдиришди. Агар уларга тўғри жавоб қайтармасак, улар бошқа давлатга бостириб кириши вақт масаласидир. Путин Россияни вайрон қилган шахс сифатида тарихга киради”, — дейди Данилов.
Шунингдек, у Россия раҳбари Владимир Путинни Гитлерга қиёслаб, у тарихга Россияни вайрон қилган одам сифатида киришини айтди.
“Кейинги 12 ойдаги энг катта ташвишим шуки, Ғарб Россия парчаланиб кетишини тушунмайди. Бунинг содир бўлиши муқаррар. Жараён худди вулқон отилишига ўхшайди. Бу аллақачон бошланган ва уни тўхтатиб бўлмайди”, — дейди у.
Данилов Кремл Украинани Шимолий ва Жанубий Корея каби парчалаб, Россияга ғалаба иллюзиясини тақдим этиш ниятидалигини қўшимча қилди.
Изоҳ (0)