Туркиянинг Антакя шаҳрида 20 февраль куни 6,4 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Европа-Ўрта Ер денгизи сейсмология марказига таяниб, “РИА Новости” хабар берди.
Зилзила 10 километр чуқурликда содир бўлган. Зилзила эпимаркази Туркия-Сурия чегарасида, Туркиянинг Антакя шаҳридан 14 километр жануби-ғарбда ва Суриянинг Латакия шаҳридан 70 километр шимолда жойлашган. Ўз навбатида, CNN Турк зилзила Туркиянинг Ҳатай вилоятига ҳам таъсир кўрсатганини хабар қилмоқда.
“Оёқ остида ер титраб кетди. Жуда кучли силкинишлар бўлди, вайронагарчилик бор”, — дейди мухбир. Зилзила оқибатида уйлар вайрон бўлгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Туркия жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш вилоятида 7,8 ва 7,6 магнитудали зилзилалар тўққиз соатлик интервал билан содир бўлди. Зилзила кучи қўшни давлатлар, жумладан Сурияда ҳам сезилди. Сўнгги маълумотларга кўра, Туркия ва қўшни Сурияда 50 мингдан ортиқ одам табиий офат қурбони бўлди, минглаб бинолар вайрон бўлди.
Изоҳ (0)