3 февраль санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Москвадаги мактабда ўқувчи томонидан уюштирилган илк отишма, Эронда юз берган инсоният тарихидаги энг ҳалокатли қор бўрони ҳамда декабристларга алоқадорликда гумонланган Грибоедовга оид фактлар ўрин олган.
“Худди Америкадагидек”. Москвадаги мактабда илк бор отишма уюштирган ўқувчи
2014 йил 3 февраль куни Москвада “Америка сценарийси” бўйича Россиядаги биринчи қуролли отишма содир бўлганди. Отрадноэ туманидаги 263-сонли мактабнинг 10-“А” синф ўқувчиси география дарсига овчилар карабини билан келиб, ўқувчи Андрей Кирилловни отиб ташлаган, синфдошларини асирга олиб, тревога сигнали билан етиб келган дастлабки полициячиларни ўққа тутишга улгурганди.
“Биз Лос-Анжелес ёки Чикаго эмасмиз-ку, бунақа фавқулодда ҳолатлар мунтазам содир бўлмайди. Воқеани ўз кўзи билан кўришганидан кейингина унинг нақадар жиддийлигини тушуниб етишди”, — дейди Патрул-пост хизмати взвод командири Алексей Панков.
Ҳодиса оқибатида ўқитувчидан ташқари штатдан ташқари қўриқчи прапоршик Сергей Бушуев ҳам ҳалок бўлган, PPХ катта сержанти Владимир Крохин яраланган. Яраланган полициячининг шериги кичик лейтенант Вячеслав Нечаев ҳамкасбини ўт очилаётган ҳудуддан судраб олиб чиқиб кетган ва навбатчига ҳодиса юзасидан ҳисобот берган, шундан сўнг мактаб атрофида кенг кўламли махсус операция бошланган.
Воқеа жойига барча турдаги фавқулодда хизматларнинг ходимлари етиб келган — ўт ўчирувчилар, қутқарувчилар, тиббиёт ходимлари, полиция ходимлари ва махсус хизматлар. Мактабга бирин-кетин ички ишлар вазири Владимир Колоколцев, таълим вазири Дмитрий Ливанов, Тергов қўмитаси раиси Александр Бастиркин, Москва мери Сергей Собянин, Москва прокурори Сергей Куденев ва пойтахт полиция хизмати бошлиғи Анатолий Якунин келган. Охир-оқибат қуролланган ўқувчини музокара ўтказиш учун мактабга етиб келган унинг отаси Виктор Гордеев таслим бўлишга кўндирган.
Гордеев куч тузилмалари томонидан назорат қилинадиган “Эфир” идорасининг ходими ҳамда мерган фойдаланган қурол эгаси бўлиб чиққан. У оиланинг уйида қонуний асосда сақлаб келинган. ОАВ мактабда отишма уюштирган йигитнинг отаси ФХХ ходими экани тўғрисида маълумотлар тақалган, аммо идоранинг ўзи ушбу хабарларни рад этган. Суд-тиббиёт экспертизаси 10-синф ўқувчисини ўзини ўзи бошқара олмайдиган ҳолатда деб топган. Шифокорлар унга “параноид шизофрения” ташхисини қўйган.
Бутирский судида ўсмирга қарши суд жараёни бошланган. Жабрланувчи томон вакили, адвокат Игор Трунов қайта экспертиза ўтказилишини талаб қилган. Трунов, шунингдек, айбланувчининг отасига нисбатан қурол-яроғни эҳтиётсизлик билан сақлаш бўйича жиноий иш материалларига киритиш тўғрисида илтимоснома киритган, бироқ Ички ишлар вазирлигидан жавоб олмаган.
Отишма юз берган куни Маданият ва санъат кенгаши йиғилишида бўлган Россия президенти Владимир Путин кўнгилсиз ҳодисага муносабат билдириб, болалар тарбиясига кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини билдирган.
263-мактабдаги ҳодисадан бир йил ўтиб, “Ригла” дорихоналар тармоғи офисида компания юристи ва сайёрага зарар етказилаётгани тўғрисидаги тақиқланган манифест муаллифи Дмитрий Виноградов ўзига тегишли овчилар қуролидан олти нафар ҳамкасбини отиб ташлаган. Ушбу воқеалардан кейин бир гуруҳ депутатлар мамлакатда қуролдан фойдаланиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини парламентга киритган. Хусусан, қуролдан фойдаланиш ёшини 18 дан 21 ёшгача ошириш, ўқотар қуролларни таълим муассасалари ҳудудида олиб юришни тақиқлаш ва қурол орқали қасддан шикаст етказилгани учун жавобгарликни ошириш таклиф этилган.
2013 йил майда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган, аммо унинг тезлашувига февраль ойида мактабда содир бўлган воқеалар сабаб бўлган. Иккинчи ўқишда қонун лойиҳасига қуролни сақлаш қоидаларини мураккаблаштириш, эҳтиётсизлик билан сақлаганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш қўшилган. Якуний ҳужжат 2014 йил июлда қабул қилинган.
Эронда юз берган инсоният тарихидаги энг ҳалокатли қор бўрони
Инсоният тарихидаги энг узоқ давом этган ва ҳалокатли қор бўрони 1972 йил 3 февраль куни Эронда бошланган эди. Даҳшатли қор бўрони бундай об-ҳаво шароитига умуман тайёр бўлмаган қуёшли мамлакатда юз берган. Одатда Эронда об-ҳаво мўтадил бўлиб, қор тоғли ҳудудларига ёғади.
3 февраль куни ёғишни бошлаган қор аввалига ҳеч кимни ташвишга солмаган. Аксинча, одамлар осмондан дарахтлар ва уйлари устига тушаётган қор парчаларидан қувонган. Аммо улар майдалаб ёғаётган қор бир неча соат ичида минглаб инсонлар умрига зомин бўладиган кучли қор бўронига айланишини кутмаган эди. Катта аҳоли пунктларида деярли ҳеч кимга зарар етмаган, чунки у ердаги одамларга қутқарувчилар томонидан ёрдам кўрсатилган. Чекка қишлоқлардаги аҳоли эса уйига беркиниб, бўрон тугашини кутишдан бошқа иложи йўқ эди.
Улар узоқ кутишга тўғри келишини билмасди. Қор ва кучли шамол 9 февралга қадар тинмаган — бу замонавий тарихдаги энг узоқ давом этган қор бўрони ҳисобланади. Бир ҳафта ичида қишлоқларга элтувчи барча йўллар ёпилиб қолган, шу боис қутқарувчилар ёрдамга вақтида етиб кела олмаган. Қишлоқларга ҳатто ҳаво орқали вертолётлар ҳам бориш имконсиз бўлиб қолган, кўрувчанлик нолга тушиб кетганди. Шамол электр ва алоқа тармоқларига шикаст етказгани боис одамларга ёрдам керак эди.
Эроннинг айрим ҳудудларида қор қалинлиги 8 метрга етган. Тасаввур қилиш учун ёғган қор 3 қаватли уй баландлигини ташкил этган — у ҳақиқатан кўп эди. Шаҳар бўлмаган ҳудудлардаги уйларнинг аксарияти қор остида қолган, ўз навбатида барча уйларнинг томи ҳам бунга бардош бера олмасди. Айрим одамлар қор уюмлари остида қолиб, -20 даражада музлаб қолишгача борган. Даҳшатли қор бўрони оқибатида мамлакатда 4 мингга яқин одам ҳалок бўлган. “Каккан” ва “Кумар” номли Эрон қишлоқларида биттаям киши омон қолмаганди.
Қурбонлар сонининг бу қадар кўпайиб кетгани қутқарувчилар ёрдамга етиб бора олмагани билан изоҳланган. Бундай қорга тайёр бўлмаган кўплаб оилалар озиқ-овқат захирасига эга эмасди, шу сабабдан айримлар бир неча кун оч ўтиришга мажбур бўлган. Электр энергиясининг узилиб кетганидан эса уйларни иситиш имконсизга айланган.
Бироқ Эрон аҳолисининг муаммолари шу билан якун топмаган. Мамлакат жуда иссиқ ўлкада жойлашган, 9 февралдан кейин улкан ҳажмда ёғган қорлар тезда эришга тушган. Бу эса сув тошқинларини келтириб чиқариб, омон қолган инсонларга ҳам зарар келтирган. Бўрондан зарар кўрган иншоотларни тиклашга катта маблағлар сарфланган, бунинг устига одамлар ўз соғлиғини ҳам тиклаши керак эди — кутилмаган совуқдан кўпчилик шамоллаб қолган.
Декабристларга алоқадорликда гумонланган Грибоедов
1826 йил 3 февраль куни Александр Грибоедов декабристлар исёнига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Орадан уч йил ўтгач Теҳрондаги рус элчихонасида юз берган қирғинда дипломат, шоир ва драматург Грибоедов ҳам ҳалок бўлганди.
Александр Грибоедов 1795 йил 15 январь куни Москвада бадавлат дворян оиласида дунёга келган. Болалигидан у ўзининг зеҳни билан ажралиб турган, 6 ёшида учта хорижий тилда гаплаша олган, ўсмирлигида эса 6 та тилни билган. 13 ёшида Александр Москва университетининг оғзаки ва ёзма адабиёт, 15 ёшида юридик бўлимини тамомлаган.
1812 йилда Грибоедов ҳарбий хизматга борган: аввалига Москва, кейин эса Иркуцк гусарлар полкида хизмат қилган. Тўрт йилдан кейин у корнет лавозимида (Чор Россияси пайтида офицерларнинг энг кичик унвони) армияни тарк этади. Тез орада у Ташқи ишлар коллегиясида котиб лавозимига ўтади ва дипломатик карераси бошланади.
1817 йилда у ўзларнинг ишқ-муҳаббати сирига боғлиқ можароли воқеага аралашиб қолади. Грибоедов дўсти граф Александр Завадовскийнинг уйида яшаган ва бир сафар уларникига балерина Авдотя Истомина ташриф буюради. Завадовский Истоминани яхши кўрган ва унинг уйига келган балерина бу ерда икки кун қолиб кетган. Бундан Истоминанинг севгилиси — кавалериячи Василий Шереметев хабар топган.
Шереметев дўсти Александр Якубовичнинг гап-сўзлари сабаб Завадовскийни дуэлга чақиради. Грибоедов ва Якубович секундант вазифасини бажарган ва улар ҳам бир-бирини дуэлга чорлашга қарор қилган. Завадовский Шереметевни оғир яралагани боис дуэлни тўхтатишга тўғри келган. Орадан бир йил ўтгач, 1818 йилдагина Кавказда Грибоедов ва Якубович барибир дуэлга чиқади. Грибоедов кафтидан яраланиб, бармоғидан айрилган. Бу Теҳрондаги қирғиндан кейин шоирнинг жасадини аниқлашда қўл келганди.
Грибоедов Форс ўлкасига шоҳнинг ишлар бўйича ишончли котиби лавозимида ўтириш учун кетаётганида Кавказга бориб қолган. Жанубий чегараларда хизмат қилиш учун у Россиянинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонасидаги лавозимдан воз кечганди. 1820 йилда Грибоедовнинг Эронга иккинчи хизмат сафари бошланган, 1821 йилда қўлини синдириб олган дипломат Кавказга кўчирилиб, бу ерда иш билан бирга даволанишни ҳам давом эттиради.
1823 йилда Грибоедов давлат хизматини тарк этиб, Москвага қайтади ва адабий меҳнат билан шуғулланишга киришади. Орадан икки йил ўтгач у Киев ва Қрим орқали яна Кавказга келганида декабристларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган. Аммо тергов дипломатнинг шоҳга қарши фитнага алоқадорлигини исботлай олмаган ва у тўлиқ оқланган.
XVIII аср охирларига келиб Эрон Россия назорати остида бўлган Кавказдаги грузин ерларини эгаллашга уринган. Бунга жавобан расмий Санкт-Петербург Кавказга армия юбориб, форсларни чекинишга мажбур қилади. Бу Кавказга даъвогарлик қилган Теҳронга ҳам, Осиёда Россия гегемонияси кучайиб бораётган Лондонга ҳам ёқмаган. 1804 йил 10 июнь куни подшоҳ Фатҳ-Али Буюк Британия қўллаб-қувватлови остида Россияга қарши уруш эълон қилади. Шу куни Сергей Тучков қўмондонлиги остидаги рус қўшинлари форс кавалериясини Гюмридан чекинишга мажбур этган. Жанговар ҳаракатлар 1813 йилга қадар давом этганди.
1826 йил июлда британлар томонидан тайёргарликдан ўтган форс армияси уруш эълон қилмасдан Россия империяси ҳудудига кириб боради. Аввалига форслар рус чегара бўлинмаларини чекинишга мажбур қилган, аммо Алексей Еермолов, кейинроқ Иван Паскевич қўмондонлиги остидаги қўшинлар эронликларга қақшатқич зарбаларни берган. Натижада 1828 йилда Теҳрон Санкт-Петербург билан Туркманчой тинчлик шартономасини имзолашга мажбур бўлади, унга кўра Каспий қироқлари ва Шарқий Armaniстон Россия таркибига ўтиб кетган. Бундан ташқари, Эрон Россияга 20 миллион рубл миқдорида товон тўлашга мажбур бўлади.
Паскевич Эрон билан имзоланган тинчлик битими ҳақида ҳисобот бериб, Александр Грибоедовнинг ундаги муҳим ролини эътироф этади. Айнан Грибоедов Санкт-Петербургга тинчлик битимини имзолаш бўйича хабарни етказади, шундан кейин Россиянинг Эрондаги элчиси лавозимига тайинланган.
Теҳронга қайтишда у Грузияда ушланиб қолган ва бу ерда княгиня Нина Чавчавадзега уйланган, аммо оилавий ҳаёт бир неча ҳафта давом этган, холос: Грибоедовни олдиндан мураккаб бўлган миссия кутиб турарди — у Эрон шоҳини битим бўйича мажбуриятини бажаришга кўндириши лозим эди.
Музокаралар қийин кечган. Теҳрон улкан ён босишларни амалга оширишига тўғри келган ва бу форс жамиятида кескин норозиликни келтириб чиқарган. 1829 йил 11 февраль куни Россия миссияси томон фанатиклар тўдаси отланади.
Грибоедовнинг танишлари уни оламон ҳужум қилишидан огоҳлантирган, аммо у маҳаллий аҳоли дипломатик ваколатхонага яқинлашишга журъат қила олмаслигини айтиб, қочишдан бош тортади.
Элчихонага икки маротаба штурм уюштирилади. Миссияга биринчи маротаба кириб борилганида босқинчилар Мирзо Ёқубни пичоқлаган ва қочишга уринган аёлни қўлга олган. Шундан кейин оломон бироз тинчланиб, россиялик дипломатларга ҳужумга тайёргарлик кўради. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Грибоедов казаклар билан бирга қўлига қурол олиб элчихонани ҳимоя қилади. Версиялардан бирга кўра, у миссияга кириш жойида ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)