Суриянинг Ал-Танф туманидаги АҚШ базасига учта учувчисиз учиш аппарати ҳужум қилди. Бу ҳақда The Reuters хабар берди.
АҚШ ҳарбийлари баёнотида айтилишича, америкалик аскарлардан ҳеч ким жабрланмаган. Иккита дрон уриб туширилган, қолган учувчисиз учиш аппарати эса Сурия Озод Армияси кучларининг икки аъзосини жароҳатлаган.
«Бундай ҳужумларни қабул қилиб бўлмайди — улар бизнинг қўшинларимиз ва ҳамкорларимизни хавф остига қўяди, ИШИДга қарши курашга хавф солади», — дейилади баёнотда.
Ҳужум учун жавобгарликни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади. Сурияда АҚШнинг 900 га яқин аскарлари бор, улар мамлакат шимолига, жануби ва шарқига жойлаштирилган.
Ноябрь ойида Сурия шимоли-шарқидаги АҚШ ҳарбий патруль базасига иккита ракета учирилган. Ракета ҳужуми оқибатида Туркия—Сурия чегарасидан тахминан 100 километр узоқликдаги база жиддий талафот кўрмаган.
Октябрь ойида ҳам номаълум дрон Сурия жануби-шарқидаги АҚШ ҳарбий базасини ракета билан ўққа тутганди. Авиазарбалардан сўнг базада бир неча портлаш содир бўлган, шундан сўнг ёнғин бошланган. Шунингдек, ой бошида ҳам АҚШ ва Ғарб коалициясининг Суриядаги ҳарбий базаси ракета билан ўққа тутилган, зарба оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Изоҳ (0)