20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Товар-хом ашё биржасида 100 га яқин тендер савдолари амалга оширилди. «Дарё» ҳужжатларни мониторинг қилиб, энг эътиборга молик савдолар ҳақида маълумот беради
Бир тадбиркорга тегишли иккита МЧЖ «рақобатлашди»
Самарқанд вилояти кардиология диспансери томонидан муассасага 2 та ультратовушли асбоб сотиб олиш бўйича тендер эълон қилинган. Кузатувлар натижасида 620 миллион сўмлик тендерда иштирок этган иккита тадбиркорлик субъекти бир одамга тегишли экани маълум бўлди.Очиқ манбадаги маълумотларга кўра, тендер ғолиби бўлган «Тиб дунёси» МЧЖнинг раҳбари Бобомуродов Ислом Мамадалиевич ҳисобланади.
Захира ғолиб «Турҳан Ислам» МЧЖнинг раҳбари Яшиева Нилуфар Фарҳодовна. Аммо корхона таъсисчи айнан юқоридаги Бобомуродов Ислом Мамадалиевич.
Шубҳали тендер
Автомобильларга фара ва чироқлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Уз Chasys МЧЖ божхона терминалларидан келиб тушган юкларни олиб тушиш, кўтариш хизматини бажариш бўйича бошланғич қиймати 474 миллион сўм бўлган тендер эълон қилган. 20 январь куни эълон қилинган тендер натижалари бироз шубҳали кўринди.Гап шундаки, тендерда ўз хизматларини таклиф қилган иккита тадбиркорлик субъекти иштирок этган. Рақобатда қатнашган Анд Cargo Транс Service ва Зафарбек Cargo Транс Сервис (номларнинг ўхшашлиги ҳам бир ажабланарли) раҳбариятлари ўртасида қариндошлик алоқалари мавжуд бўлиши мумкин.
Масалан, 457 800 000 сўм билан тендерни ютиб олган Зафарбек Cargo Транс Сервис МЧЖнинг манзили Андижон вилояти Жалолқудуқ тумани Жалолқудуқ шаҳарчаси, Намуна кўчаси деб кўрсатилган. Раҳбар — Исманов Нуриддин Ғуломжанович.
Мағлуб МЧЖ Анд Cargo Транс Service’нинг раҳбари бошқа — Кимсанбоев Давронбек Иброхимжонович. Аммо манзили Андижон вилояти Жалолқудуқ туманида деб кўрсатилган корхонанинг таъсисчиси Исманова Фатмахон Игембердиевна.
Исманов Нуриддин ва Исманова Фотиманинг қариндошлик алоқалари тўғрисида маълумот йўқ.
Тушунарсиз тендер
Янгиер шаҳар «Мурувват» ногирон аёллар учун интернат уйи овқат етказиб бериш бўйича аутсорсинг хизмати учун 212 миллион сўмлик тендер ўтказди. Унда «Демирбек Нигина Ҳамкор» МЧЖ, «Худойқулова Гулойна» хусусий корхонаси ва «Азизбек Суппер Бизнес» МЧЖ қатнашди.Якунда 99 балл билан «Демирбек Нигина Ҳамкор» МЧЖ ғолиб бўлди. «Худойқулова Гулойна» хусусий корхонаси эса резерв етказиб берувчи сифатида иккинчи ўринни олди.
Қизиғи шундаки, очиқ маълумотларга кўра, ушбу хусусий корхона фаолияти амалда расман тугатилган. Лекин у қандай қилиб бу тендерда қатнашди, қандай қилиб захира сифатида кўрсатилди, буёғи тушунарсиз.
Фамилиялар жуда ўхшаш
Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмаси 2 та ультратовушли диагностика асбоблари харид қилиш учун бошланғич қиймати 500 миллион сўм бўлган тендер эълон қилди. Унда Innovamed ва Equimed номли тадбиркорлик субъектлари қатнашди.Комиссия аъзоларининг якуний натижаларига кўра, Innovamed МЧЖ кичик устунлик билан тендерни ютиб олди. Келинг, рақобатчи тадбиркорлик субъектларининг раҳбариятлари билан қизиқамиз.
Ғолиб ташкилот раҳбари Уткуров Иброҳим Рустам ўғли. У бир вақтнинг ўзида бошқа — Time Эх Logistics МЧЖнинг ҳам таъсисчиларидан бири ҳисобланади.
Time Эх Logistics МЧЖнинг яна иккита таъсисчиси бор. Бири раҳбар ҳам ҳисобланган Абдулазиз Сарвар Санжар ўғли, иккинчиси эса Фармонов Азамат Рахмат ўғли. Хўш, унинг захира ғолиб Equimed МЧЖга қандай боғлиқлиги бор?Мана бундай боғлиқлик. Ғолиб тадбиркорга алоқадор шахс бевосита рақобатчи МЧЖнинг раҳбари ҳамда таъсисчиси ҳисобланаркан. Яна бир таъсисчи — Уткуров Довуд. Энг аввалдаги Innovamed МЧЖнинг раҳбари ким эди? Ҳа, Уткуров Иброҳим.
Комиссия аъзоси тендерни қариндошига ютиб бердими?
Фарғона тумани халқ таълими бўлими 2023 йил январь ойида мактаблар учун иситиш қозонлари (котёллар) сотиб олиш учун бошланғич қиймати 486 миллион сўмлик тендер ўтказган. Унда Водил Маржона Файзи номли хусусий корхона ғолиб бўлган.Ғолиб корхонанинг раҳбари ва 100 фоизлик таъсисчиси Абдураҳмонов Дониёр Абдукодирович ҳисобланади.
Эътиборлиси, комиссия аъзоларидан бирининг исми ғолиб корхона раҳбариникига ўхшаш — Абдураҳмонов Сардорбек Абдукодирович.
Сардорбек ва Дониёр Абдураҳмоновларнинг бир-бирига қариндош бўлиб чиқиши эҳтимоли жуда ҳам юқори.
Ўзини ўзи енгган тадбиркор
Жиззах вилоят Кар болалар махсус мактаб интернати бошланғич қиймати 115 миллион сўмлик аутсорсинг хизмати учун тендер ўтказди. Унда Tesla-С МЧЖ ва Testy Meal Plus МЧЖ беллашди ва якунда Tesla-С тендерни ютиб олди.Ғолиб тадбиркорлик субъектининг раҳбари ва таъсисчиси — Убайдуллаев Акмалжон Эштурдиевич.
Рақобатчисиники-чи? Ана бўлмаса, Testy Meal Plus МЧЖ раҳбари ҳам Убайдуллаев Акмалжон Эштурдиевич-ку!
Бундан чиқдики, Акмал Убайдуллаев ўзига тегишли иккита корхона билан бир тендерда қатнашиб, гўёки ўзини ўзи енгган. «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга кўра эса тендер иштирокчиси фақат битта таклиф беришга ҳақли.
Маҳалладошлар рақобати
Андижон вилояти Избоскан туманидаги Чувама аёллар мурувват уйи овқат етказиб бериш бўйича 838 миллион сўмлик аутсорсинг хизмати учун тендер ўтказади. Унда «Бизнес Орзу-Мақсад» ва «Пахтаобод Орзу Мақсад» МЧЖлар ғолиблик учун курашган. Якунда «Пахтаобод Орзу-Мақсад» 805 миллион сўмлик шартнома суммаси билан тендерни ютиб олади.«Орзу-мақсад»ли ғолиб тадбиркорлик субъекти Пахтаобод тумани Пахтаобод шаҳри «Нодирабегим» маҳалласи Мусаффо кўчасида жойлашган.
Балки тасодифдир, аммо захира ғолиб ҳам айнан шу манзилда жойлашган. Бундан ташқари, рақобатчиларнинг электрон почта манзиллари ҳам жуда ўхшаб кетади. Бу ерда қонун бузилиш ҳолати мавжуд бўлиши мумкин.
Масъуллардан ушбу шубҳали тендерлар натижаларига эътибор қаратиб, ноқонуний ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўришни сўраймиз.
Изоҳ (1)
Assalomu aleykum xurmatli Daryo.uz jamoasi!
Davlat xaridlari etender.uzex.uz portali orqali eng yaxshi taklifni tanlash uchun 474 million so'mlik e'lon qilingan lot (raqami: 221924) bo'yicha tashkil etilga tanlov natijasi shubxali bo'lganligi sababli ikki ishtirokchidan qo'shimcha xujjatlar taqdim etish so'raldi.
Lekin, ishtirokchilar tomonidan rad javobi olingandan so'ng, ushbu ikki korxonani STIR raqamlari orqali tekshiruv va surishtiruv ishlari olib borildi. Natijada Ta’sischilar va ularning ustav fondidagi ulushi haqida ma’lumotlariga ko'ra bir oilaga tegishli bo'lgan Ismanov Muxiddin Gulamjanovich va Ismanova Fatmaxon Igemberdiyevna 100% ulush bilan afillangan shaxslar ekanligi va Davlat xaridlaridagi Manfaatlar to‘qnashuvida ko'rsatilgan qonun buzilishiga olib kelishi aniqlandi.
Shuni aytib o'tish kerakki - O'tkazilgan Davlat xaridlari etender.uzex.uz portali orqali eng yaxshi taklifni tanlash uchun e'lon qilingan lot (raqami: 221924) bo'yicha tijotiy taklif bergan "ZAFAR CARGO TRANS SERVICE" MCHJ hamda "AND CARGO TRANS SERVICE" MCHJ korxonalari bilan eng yaxshi taklifni tanlash uchun tuzilgan komissiya a'zolari va komissiya sekretarining hech qanday bog'liqlik tomonlari mavjud emas.
Ishtirokchilar ushbu bayonnomani qabul qilmasliklarini va tender natijasini rad etishlarini aytib o'tishdi.
Ikki korxona rahbarlari taqdim etilgan narxlardan voz kechib, tanlov bekor qilishga o'zaro kelishib olindi.
Komissiya a'zolari bilan tuzilgan yig'ish boyicha bayonnomani rasmiy info@daryo.uz elektron pochtangizga ham yuborildi.
Qoshimcha savollar va takliflaringiz bo'lsa, timur.tulanov@uzchasys.uz pochtasiga murojat qilishingiz mumkin.
Hurmat bilan,
Timur Tulanov