Сўнгги вақтда жамоатчилик Ўзбекистон газ саноати Россия қўлига ўтиб кетишидан хавотир ва норозилик билдирмоқда. Бунга Россия томонидан бир неча жиддий таклифлар янграгани сабаб бўлди.
Россия яқин-яқингача дунё энергетика бозорида «держава» ҳисобланар эди ва мамлакат аста-секин бу мақомини йўқотиб бормоқда. Хусусан, 2022 йил октябрда Халқаро энергетика агентлиги Украинага қарши уруш Россиянинг етакчи энергетика давлати мақомини йўқотишига олиб келганини маълум қилган.
Украина билан уруш Россиянинг «олтин газ даври» тугашини ва давлатларнинг қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш жараёнини тезлаштирди. 2022 йил 24 февралгача Россия қазиб олинадиган энергия ресурслари бўйича дунёдаги биринчи экспортчи бўлган. Аммо энди у ўзининг энг муҳим мижози ва бозори – Европани йўқотди, – дейилади манбада.
Европа инқироздан чиқди — газ нархи арзонлашишда давом этяпти. Тарқалаётган охирги хабарлар эса Россиянинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон энергия мустақиллигига жиддий таҳдид солаётганига ишора беряпти. Жамоатчилик эса бунга нисбатан муросасиз муносабатини билдирмоқда.
Айниқса, оммавий ахборот воситаларида тарқалган Россия томони Ўзбекистон газ узатиш тизимини бозор қиймати бўйича «Газпром» тасарруфига ўтказишни сўрагани ҳақидаги хабар эътирозларни кучайтирди.
2022 йил ноябрда Россия Ўзбекистон ва Қозоғистон билан уч томонлама газ иттифоқини тузишни таклиф қилганди. Россия томони бу таклиф сиёсий шартлар эвазига газ етказиб беришни назарда тутмаслигини, гап тижорий манфаатларни мувофиқлаштириш ҳақида кетаётганини билдирганди. Ўз навбатида, мазкур таклиф ҳам жамоатчиликда кучли норозилик уйғотган.
Ижтимоий тармоқлар фаоллари Ўзбекистон энергетик мустақиллигини сақлаб қолиш муҳим эканини қайта-қайта таъкидламоқда. Хусусан, блогер Олимжон Қодиров Telegram’даги каналида бундай иттифоққа қарши эканини ёзди.
Бугун жамоатчиликка 2022 йил охирида Россия Ўзбекистондаги энергетик инқироздан фойдаланиб таклиф қилган уч томонлама – Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон газ иттифоқининг айрим деталлари очиқланди. Яъни икки асосий шарт: биринчиси, бутун Ўзбекистонда газ транспортировкаси Россия («Газпром») назоратида бўлади, ундан ташқари, бутун газ экспорти ҳам Россия назоратида бўлади. Қисқаси энергетик қуллик. Ундан қисқа хулоса қилинса, Россия бутун Ўзбекистон энергия тизимини назоратга олиш эвазига бизга арзон газ бермоқчи.
Танлов вақти келди. Ё озгина газ эвазига қул бўламиз, ёки бироз қийналиб ҳурлигимиз йўлида дадил қадам ташлаймиз.
Россия билан ҳар қандай битим ва келишув албатта, умумхалқ референдумига қўшилиши шарт. Ватан ҳаммамизники, 3-5 нафар амалдор, мансабдорники эмас. Ҳеч ким ватан келажаги хавфга қўйиладиган қарорларни ватан номидан қабул қилишга ҳақли эмас, – деб ёзган у.Жамоатчилик фаоли Азиза Умарова Facebook’да Ўзбекистон газ бозорини халқаро компанияларга очиб, бозор шартларида рақобатбардош ҳолга келтириш муҳимлиги ҳақида пост қолдирди.
Қозоғистон матбуотида Ўзбекистондаги кўплаб газ лойиҳалари узоқ вақтдан бери «Газпром» томонидан назорат қилингани ва шартномалар россияпараст Enter Engineering компаниясига тегишли экани ёзилган.
«Газпром» Ўзбекистоннинг 2017—2021 йилларда углеводород қазиб олишни кўпайтириш давлат дастурининг оператори бўлган ва молиялаштириш «Газпромбанк» орқали амалга оширилган. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида БНПЗ, ФНПЗ, ГКҳК Газли, реактив ёқилғи таъминоти ва самолётларга ёқилғи қуйиш назорати ҳам йўқотилмоқда.
Аслида газ саноати аллақачон «Газпром» томонидан назорат қилинади. Хўш, давлат дастури тўлиқ бажарилдими? Бундан ташқари, биз газ ва стратегик активларимиз устидан назоратни йўқотяпмизми? Ушбу даъволарни рад этадиган аниқ фактлар борми?
Умуман олганда, мамлакат газ бозорини халқаро компанияларга очиб, бозор шартларида рақобатбардош ҳолга келтирмагунча, муаммо ҳеч қачон ҳал бўлмайди, – деб ёзган жамоатчилик фаоли.«Дарё» нашрининг исми сир тутилишини истаган манбасига кўра, Ўзбекистоннинг газ саноати соҳасидаги заифликларидан фойдаланиб, Россия мамлакат энергетикасини эгаллашга уринмоқда.
Ўзбекистон энергетика соҳасида камчиликлар жуда кўп ва йиллар давомида тўпланиб келмоқда. Энг катта муаммолар қаторида соҳада олиб борилган инвестицияларни киритиш ва инвесторлар билан бўлган муносабатлар жуда нотўғри йўлга қўйилганини айтиш ўринли. Инвесторларга тенг имконият ва шароитлар берилмаган. Кимлардир «эркатой», кимларгадир «чап кўз» билан қаралган.
Яна бир муаммо – соҳага жалб қилинган инвесторлар фаолияти бўйича ҳеч қандай очиқлик йўқлигида. Айниқса, ер ости газ захиралари ва мавжуд қувурлар, йирик машина ва ускуналар ҳолати борасида бирорта ойдинлик йўқ.
Соҳада газ қазиб олишни ошириш ва ишлатилаётган асбоб-ускуналарни техник ҳолатини юқорироқ даражага кўтариш, ишлаб турган қудуқларни техник ҳолатини қўллашга қаратилган ишларни олиб бориш ўрнига, доим активларни қайта тақсимлаш ва тайёр газни қайта ишлаш, инвестиция кўп талаб қилган, лекин халқ хўжалигига кам фойда берадиган, баъзи ҳолларда жуда катта зарар етказадиган лойиҳаларга урғу берилган.
Бор ички имкониятлардан фойдаланиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни моддий ва техникавий қўллаш ўрнига, асосий эътиборни кўпроқ газ ҳажмларини импорт қилишга қаратганмиз. Ваҳолангки, агар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга аванс тўловлари вақтида берилса, уларга барча билан тенг моддий, техникавий ва ташкилий шароит яратилса, улар билан савдо механизмлари самараси қайта кўриб чиқилса, бир йилда газ ҳажмини 5 миллиард куб метрга ошириш муаммо эмас, – дея масалани таҳлил қилди мутахассис.Фаоллар фикрича, Ўзбекистондаги энергетик инқироз Россиянинг босими оқибатида юз бермоқда. Иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров Twitter’даги саҳифасида Россия Ўзбекистонни уч томонлама газ иттифоқига қўшиш учун «махсус операция» бошлаганини ёзди.
Бизни тиз чўктириш ва «Газ иттифоқи»га тиқиш бўйича «махсус операция» кетяпти. Суверенитет энергетикадан бошланади ва у билан тугайди. «Махсус операция» маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга «газ ўзи тагида йўқ-ку», баҳонасида пул ажратмаслик ва раҳбариятни «импортдан бошқа иложимиз йўқ», деган фикрларга ишонтиришдан бошланди. Ваҳоланки, газ ҳали кўп. Гап эътибор ва бошқарувда, – дея фикр билдирган мутахассис.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Telegram’даги каналида ёзишича, Россиянинг «Энергетик империя» концепцияси Марказий Осиёни, энг аввало, Ўзбекистонни қуршовга олишни мақсад қилиб қўйган.
Миллатнинг малакаси ва сиёсий тафаккури шундай бўлиши керакки, ўзининг сиёсий эркини кучайтираман деб, геосиёсий қопқонга тушиб қолмаслиги лозим. Бугунги қийинчиликлардан қутиламан деб, уни кечиктирмаслиги, келажак авлодларга каттароқ муаммолар қолдирмаслиги керак. Муаммоларни ечиш учун, давлат ва халқ жипслиги – миллат ҳамжиҳатлиги юқори бўлиши керак. Ички сиёсатда қанча баҳс-мунозара, турфа фикрлар бўлмасин, миллий манфаатлар ва ташқи тажовузлар борасида, давлат ва жамият бир-бирини тушуниши ҳамда қўллаб-қувватлаши керак.
Ўзбекистон ўзининг энергетик муаммоларини ечиш учун, қолган ресурсларни ҳам Россияга қўш-қўллаб топшириши эмас, аксинча, президент Мирзиёев Олий Мажлис ва халққа мурожаатида айтгандек, олдинги келишувларни ҳам қайта кўриб чиқиши зарур бўлади. Айнан мана шу йўл – миллий манфаатлар, миллий ғурур ва миллий бирлик йўлидир, – деб ёзган таҳлилчи.Иқтисодчи Отабек Бакиров Telegram’даги каналида Ўзбекистондаги энергетик активлар давлатга қайтарилиши зарурлиги ҳақида ёзди.
Охирги 6 йил ичида давлат қўлидан чиқарилган нефть ва газ активлари, контрактлар, пудратлар тўлиқ национализация қилиниши ва ундан кейингина ўрганиш ва баҳолаш ишлари ўтказилиши зарур. Ангрен ИЭС бунга яққол мисол. Албатта, қаршиликлар, саботажлар бўлади. Давлат фавқулодда кескин чоралар кўришга тайёр экани кўрсата олинса кифоя (Зеромакс прецедентини эсланг).
Мулк ҳуқуқи қайда қолади, дея кўрманг. Нефть ва газ конларини эгаллаб олганлар мулкдорлар эмас. Энергетика соҳасидаги бирорта бегоналаштириш битимида Ўзбекистон қонунларига амал қилинмаган ёки камида айланиб ўтилган. Бирорта актив очиқ бозор ва рақобат шартларида қўлга киритилмаган.
Энергетик активларни давлатга қайтарилишини халқаро институтлар ва молиявий ҳамкорлар ҳам, энг асосийси, Ўзбекистон халқи қўллаб қувватлайди. Агарда национализациядан кейинги чоралар очиқ ва шаффоф хусусийлаштириш билан боғлиқ бўлиши эълон қилинадиган бўлса.
Иккинчи кейинги қолдириб бўлмайдиган чора, бу олигархияга қарши қонун қоидаларни қабул қилиш бўлиши зарур. Энергетикадаги олигархлар йиллар давомида мақсадли равишда яратган хавф-хатар мамлакат суверенитетига бевосита дахл қилмоқда. Банк, алоқа, ташқи савдо масалаларида ҳам шу аҳволга қараб кетилмоқда. Олигархияга қарши қонун доирасида олигарх деб топилган барча шахслар ва улар билан аффилланганлар хусусийлаштириш, давлат буюртмалари ва пудратларидан, монопол товар бозорларидан, ОАВларга эгаликдан ва албатта, сиёсий ҳаётдан тўлиқ четлаштирилиши зарур, – деб ёзган иқтисодчи.Жорий йил декабрда Ўзбекистон биринчи марта Туркманистон билан тўғридан-тўғри, учинчи томон иштирокисиз қисқа муддатли газ етказиб бериш бўйича шартнома тузганди. Аммо 12 январь куни Туркманистон техник муаммолар сабабли «Дарёлиқ» станцияси орқали Ўзбекистонга табиий газ экспортини тўхтатган.
Умуман олганда, жамоатчиликда энергетика масаласидаги мунозара ва эътирозлар давом этмоқда. Муаммо юзасидан таклифлар берилмоқда. Ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати мазкур масалалар юзасидан расмий баёнот бергани йўқ.
Изоҳ (1)
Ассалому алейкум хурматли иктисодчи, сиёсатчи акалар. Мен бир оддий ишчиман. Гаров олиб айтишим мумкин. Энергия нархини арзон булиши ёки киммат булиши яна умуман газ булмаслигини сизларга таъсири жудаям кам. Бутун халк номидан гапиришдан олдин оддий кишлок хаётини озгина 0.5 фоиз урганилар. Газ йук, свет йук, бензин киммат. Сизлардай гапга чечанмасман. Сизлар куйган шартлариз ажойиб лекин. Арзон газ эвазига куллик ёки кийинчилик эвазига мустакиллик. Албатта мустакил булиш жудаям яхши. Лекин инсонни жонидан туйдириб юборадиган бу азобларчи? Ээээ гапириб нима фойда топаман. Барибир эски хаммом эски тоз. Узавто хуллас.