Тошкент шаҳрида 13 январь куни Қўйлиқ бозоридан Дўстлик-2 мавзесига ҳаракатланган 117-сонли автобус эшиги очиқ қолдирилди. «Тошшаҳартрансхизмат» ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, автобус ҳаракатланаётган вақтда бугунги кунда кузатилаётган аномал совуқ об-ҳаво ҳарорати туфайли оралиқ бекатда автобус эшигининг механизмидаги ҳаво тизими музлаб қолган.
Ҳайдовчи автобус салонида йўловчилар борлигини инобатга олиб, уларни охирги бекатга етказиб қўйиш мақсадида ҳаракатни давом эттирган. Йўловчиларни бекатга етказгандан сўнг ҳайдовчи автобусни 12-автобус саройи филиалига олиб кирган.
«Автобусга техник ёрдам кўрсатилиб, камчилик бартараф этилгандан сўнг соат 15:20 да яна йўналишга чиқарилганлигини ва ушбу автобус айни пайтда йўналишда техник соз ҳолатда ҳаракатини давом эттираётганлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.
«Тошшаҳартрансхизмат» томонидан барча автобус саройи мутасадди раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилиб, ҳар шанба куни бўлиб ўтадиган «Ҳайдовчилар куни» йиғилишида ҳайдовчи ва чиптачиларга фавқулодда ҳолатлар юзага келган вақтда қандай ҳаракатланиш зарурлиги бўйича яна бир бор тушунтириш ишларини олиб бориш зарурлиги тўғрисида топшириқлар берилган.
Изоҳ (0)