Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг сохта ходими қўлга тушди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Шахсий хавфсизлик бўлими ҳамда Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан Чироқчи туманидаги умумий ўрта таълим мактаби директорининг мурожаатига асосан тезкор тадбир ўтказилган. Унда ўзини Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси тезкор ходими А. деб таништирган шахс мактаб директори З.Р.дан мактабда текшириш ўтказмаслик эвазига 400 доллар пора талаб қилгани аниқланган. У шу пулдан 2,2 миллион сўмни турмуш ўртоғининг пластик картасига ўтказиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида ўзини департамент ходими деб таништирган фуқаро аслида ҳеч қаерда ишламайдиган, муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Косон туманида яшовчи А.Т. экани маълум бўлган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда вилоят прокуратурасига юборилган.
Изоҳ (0)