Эстония мамлакатда музлатилган Россия активларини Украинага ўтказиш имконини берувчи қонунчилик базасини 2023 йилнинг январь ойи охиригача яратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Эстония Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Михел Таммга таяниб, Bloomberg хабар берди.
Шундай қилиб, Эстония Европа Иттифоқида Россия активларини Киевга ўтказадиган биринчи давлатга айланиши мумкин, чунки бошқа давлатлар бундай механизм яқин орада яратилишини эълон қилганича йўқ, деб таъкидлайди Bloomberg.
Аввалроқ Bloomberg немис ҳукуматидаги манбаларга таяниб, Германия ҳам Россия активларини Украинага ўтказиш имкониятини кўриб чиқаётгани, у ерда тахминан 5 миллиард евро музлатиб қўйилгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ Берлин Европа Иттифоқининг кучларни бирлаштириш позициясини кутмоқда ва суд жараёнлари тўлқинига олиб келиши мумкин бўлган хавфли якка қадамларга тайёр эмас.
Эстония томонидан музлатилган Россия маблағларининг умумий миқдори 20 миллион долларни ташкил қилади. Умуман олганда, Европа Иттифоқи Россиянинг 68 миллиард евролик активларини музлатиб қўйган, бу маблағнинг 90 фоизи Бельгия, Люксембург, Италия, Германия, Ирландия, Австрия ва Францияга тўғри келади.
Изоҳ (0)