• Профилга Кириш
  • 1744009905_435.svg 1744009905_642.svg

  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
O'zbekcha
Русский
English
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
    • USD12831.81
    • RUB163.75
    • EUR14606.45
    • Google play
    • App Store
    • Telegram
    • Тошкентда
      +33°C
      • Андижон
      • Қарши
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Фарғона
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Термиз
      • Наманган
      • Тошкент
      • Навоий
      • Тошкент вил
      • Нукус
      • Урганч
    • Daryo
      • Интернет-нашр
      • Таҳририят
      • Алоқа маълумотлари
      • Фойдаланиш шартлари
      • Махфийлик сиёсати
      • Янгиликлар архиви
    • Реклама
    • Ижтимоий тармоқлар
      • Instagram | Расмий
      • Instagram | Лайфстайл
      • Instagram | Спорт
      • Facebook | Расмий
      • OK | Расмий
      • YouTube | Daryo
      • YouTube | Daryo Рус тилида
      • YouTube | Daryo Глобал
    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte
    Daryo logo white
    • Ўзбекистон
      • Бошқалар
      • Навоий
      • Тошкент вилояти
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Қашқадарё
      • Сурхондарё
      • Хоразм
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Наманган
      • Фарғона
      • Aндижон
      • Қорақалпоғистон
      • Тошкент ш.
      • Меҳридарё
      • Об-ҳаво
    • Марказий Осиё
      • Ўзбекистон (Маҳаллий)
      • Афгонистон
      • Қирғизистон
      • Қозоғистон
      • Туркманистон
      • Тожикистон
    • Дунё
    • Пул
      • Бизнес
      • Иқтисодиёт
      • Молия
      • Крипто
    • Маданият
      • Кино
      • Китоб
      • Мусиқа
      • Шоу-бизнес
    • Лайфстайл
      • Аёллар саҳифаси
        • Фарзанд
        • Гўзаллик
        • Карьера
        • Маслаҳатлар
        • Мода
        • Рецептлар
      • Технологиялар
        • Архитектура
        • Гаджетлар
        • Илм-фан
        • Коинот
        • Медиа
      • Авто
      • Қўзиқорин
      • Саёҳат
      • Саломатлик
      • Таълим
        • Абитуриент
        • Инглиз тилини ўрганамиз!
    • Спорт
      • Футбол
      • UFC
      • Бокс
    infinix
    Daryo.uz - Login
    Daryo.uz Daryo.uz
    Daryo.uz - Login
    Дунё

    Москва метросида уюштирилган биринчи теракт, Конгодаги бозорга қулаган СССР самолёти ва 14 ёшида АҚШ чемпионига айланган Бобби Фишер. Кун хронологиясида 8 январь

    8 январь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Москва метросида амалга оширилган биринчи теракт, Конгодаги бозорга қулаб, салкам 300 кишининг умрига зомин бўлган Россия самолёти ҳамда 14 ёшида шахмат бўйича АҚШ чемпионига айланган Бобби Фишерга оид фактлар ўрин олган.

    Москва метросидаги биринчи теракт

    1977 йил 8 январь куни Москва тарихидаги биринчи теракт Россия пойтахти метросини ларзага келтирган. Москванинг марказий кўчаларида бир вақтнинг ўзида яна иккита портлаш юз берган. Мазкур ҳужумлар оқибатида етти киши ҳалок бўлган, 37 киши жароҳатланган.

    Фото: Wikimedia Commons

    Фото: Wikimedia Commons

    Шу куни Москва кўчаларида одам кўп эди — пойтахт аҳолиси Янги йил сайрларини якунлаб, кундалик ишларга тайёргарлик кўраётганди. Одамлар кўчада тўда-тўда бўлиб ҳаракатланган, метрода ҳам йўловчилар кўп бўлган. Кечга яқин поездлардан бири Арбацко—Покровская йўналиши бўйлаб штат режимида ҳаракатланган. Соат 17:33 да таркиб «Измайловская» ва «Первомайская» станциялари орасидаги очиқ перегонга чиққан вақтида кучли портлаш юз берган — учинчи вагондаги бомба ишга тушиб кетган.

    Шу ондаёқ Москвадан барча автомобилларнинг чиқиб кетишини тақиқлаш бўйича кўрсатма келиб тушган, аэропорт ва темир йўл вокзалларида юкхоналар ҳамда ҳужжатларни текшириш режими кучайтирилган. Портлаш жойига тез ёрдам машиналари кела бошлаган: тиббий ёрдам бир неча ярадорга талаб этилган. Улар орасида болалар ҳам бор эди.

    Теракт оқибатида етти йўловчи ҳалок бўлган. Улар орасида Москвага Янги йил таътили учун келган 10-синф ўқувчиси ҳам бўлган. Шу билан бирга, экспертларнинг баҳолашича, портлаш поезд туннелда бўлган вақтида юз берганида, қурбонлар сони анча кўп бўларди.

    Метродаги терактдан ярим соат ўтиб соат 18:05 да Дзержинский кўчасидаги 15-сонли гастрономда портлаш юз берган. Зарар етказувчи элементлари бўлмаган конвертсиз портловчи қурилма ишлаб кетган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган — бир сотувчи ва бир неча мижоз жароҳатланган, холос.

    Орадан беш дақиқа ўтиб, соат 18:10 да 25 октябрь кўчасидаги чиқинди идишига жойлаштирилган бомба портлаган. Қурилма гастрономда портлаган ускуна каби эди. Ушбу портлашда ҳеч кимга шикаст етмаган: чиқинди идиши сифатли чўяндан ясалгани боис портлаш зарбасига бардош берган.

    Бир вақтнинг ўзида юз берган учта портлаш куч тузилмалари вакилларида ҳеч қандай шубҳа қолдирмаган — пойтахтда террорчилик ҳужуми уюштирилган эди. Овга чиқиб кетган Леонид Брежнев зудлик билан Москвага қайтган ва «КГБ»нинг энг яхши ходимларига жиноятни тергов қилишни буюрган. Операция «Портлатувчилар» шартли номи остида олиб борилган.

    Терговчилар биринчи навбатда гувоҳларни сўроқ қилишга киришган, аммо 500 га яқин гувоҳнинг кўрсатмаларидан деярли ҳеч қандай маълумот олинмаган. Тезкор ходимлар воқеа жойларида далилларни қидиришга тушади — портловчи қурилмаларнинг энг майда деталлари ҳам йиғиб олинган. Кўп ўтмай экспертлар метрода ишга тушган бомба таркибида 1 килограмм портловчи аралашма ва соат механизми бўлганини аниқлаган.

    Соат механизмини ўрганиб чиққан терговчилар хулосага келган: бундай қурилмани фақат электромеханикага яхши тушунадиган инсон йиға олади, масалан — муҳандис. Суд-тиббиёт экспертлари энг муҳим далилларни қўлга киритган: метродаги марҳумлардан бирининг жасади ёриб кўрилганида унинг юраги остидан кўк рангга бўялган металл парчаси топилган. Бу портловчи қурилма яширилган ошхона идишининг тутқичи эди. Шу билан бирга, мазкур қозонсимон идиш оддий бўлмаган: у Харьковда 50 нусхада чиқарилган. Бошқа маълумотларга кўра, бундай идишлар фақат Украина ва Кавказортида сотиш учун мўлжалланган.

    Террорчилар бомбани олиб кирган сумка бўлакларини ўрганиш давомида экспертлар жигарранг сунъий чарм Нижегород вилоятидаги заводда ишлаб чиқарилганини аниқлаган. «КГБ» ходимларидан бири Тошкент аэропортидаги йўловчининг қўлида шу каби сумкани кўриб қолмагунга қадар унинг қаерда ишлаб чиқарилгани номаълум эди.

    Москвалик терговчилар унинг ёрлиғи ёрдамида ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотларни топган — Еревандаги чарм буюмлар фабрикаси. Корхона билан боғланган тезкор ходимлар бундай сумкалар фақат маҳаллий дўконларда сотилганини маълум қилган.

    Бундан ташқари, бомба спорт газетасига ўралган эди. Ходимлар унга обуна бўлган барчани текшириб чиққан. «Бу жуда кенг кўламли ишлар эди, биз кўмилиб қолгандик — тасаввур қилинг, 2 миллион обуначи», — деганди «КГБ» ходими Александр Михайлов.

    Москвадаги портлашлар баҳонасида Совет Иттифоқидаги барча ҳуқуқбузарликлар яхшилаб текширилган. Қўлга олинганлар орасида террорчилар бўлмаса-да, ҳуқуқ-тартибот органлари бутун мамлакат бўйлаб ўнлаб жиноятларни очишга эришган.

    Москвадаги терактдан ярим йил ўтиб, 1977 йил кузида Сибирдан Доғистонга оиласи билан кетаётган йўловчи Курск вокзалида ўз юкхонаси олдида қолдириб кетилган оқ хўжалик сумкасига эътибор қаратган. Унинг ичига қараган эркак спорт курткаси ва қалпоқ остига яширилган бомбани кўрган. Эркак қўрққанидан сумкани милицияга олиб борган ва ҳалок бўлишига бир бахя қолган.

    «Бўлинма навбатчиси тумблёрни ўнг тарафга силжитган… Бахтимизга 16-17 соат лампочкани ишлатган батарея бу вақтга келиб шу қадар ўтириб қолгандики, унинг кучи детонаторни портлатишга ҳам етмаган», — деган эди «Портлатувчилар» ишига раҳбарлик қилган генерал майор Вадим Удилов.

    Сумкадаги нарсалар диққат билан кўздан кечирилгач, у ўз мевасини бера бошлаган — курткада Ереванга тегишли ёрлиқ ёпиштирилган, қалпоқда эса қора соч бўлган. Зудлик билан поезддаги уст кийими йўқ барча қора сочли эркакларни текшириш буюрилган.

    Арманистон ва Грузия ССР ўртасидаги чегара назоратининг милиция бўлинмаси ходими Москва—Ереван поездининг юқори қаватида ётган эркакка эътибор қаратган. У берилган белгиларга мос келарди: сочлари қора, ҳаво совуқ бўлишига қарамай, курткасиз.

    Аммо спорт иштони ўрнига шим кийиб олганди. Тезкор ходим номаълум шахснинг пайпоғига қизиқиб қолгани баҳонасида шими остидаги иштонни кўрган. Ҳеч қандай шубҳа қолмаган эди. Фамилиясини Степанян дея таништирган эркакнинг на юклари ва на ҳужжатлари бор эди. Унинг шеригининг ҳам бирор ҳужжати бўлмаган — улар «КГБ»нинг Арманистондаги бўлинмасига олиб борилган. Гумонланувчилар шахсига тезда аниқлик киритилган: улардан бири ереванлик 28 ёшли пайвандчи Акоп Степанян ва унинг қариндоши 23 ёшли Завен Багдасарян эди.

    Фото: Wikimedia Commons

    Фото: Wikimedia Commons

    Степаняннинг уйи текширувдан ўтказилган вақтда у ерда портловчи қурилмалар учун керак бўладиган барча эҳтиёт қисмлар топилган — улар шу каби 37 та бомбага етарди. Тезкор ходимлар хонани пломбалаш баҳонасида у ерда овоз ёзиб олиш қурилмасини жойлаштирган. Бундай манёвр ўз натижасини берган: Степаняновлар оилавий суҳбатда теракт ташкилотчиси фамилиясини тилга олган.

    Ота тўнғич ўғлидан сўрайди: «Нима бўлди?» ва ўғил жавоб қайтарган: «Ота, биласанми? Бу Затикян билан боғлиқ, қўрқаманки, укамизни бошқа кўрмаймиз». Шу орқали у ўзларининг етакчиси Затикян эканини билдириб қўйган.

    Степанян ва Багдасаряндан фарқли ўлароқ, 30 ёшли Степан Затикян тезкор ходимларга яхши таниш эди: у Москвадаги терактлар сериясидан кейин 12 соат сўроқ қилинган. Эркак Арманистон Миллий бирлик партияси асосчиларидан бири ҳисобланарди.

    Мазкур воқеа бўйича суд иши 1979 йил январда бошланган — терговчилар 60 томдан ортиқ жиноят иши ҳужжатларини тайёрлаганди. Судда Степанян терактларга алоқаси борлигини рад этмаган. У совет ҳукуматини тан олмаслигини ва СССРда одил судлов йўқлигини билдирган, шунингдек, Арманистон Совет Иттифоқи таркибида экан, унга ҳеч қандай фойда бўлмаслигини айтган. 1979 йил 24 январда ҳукм чиқарилган — айбловчиларнинг учаласи ҳам отиш йўли билан ўлимга ҳукм этилган.

    Конгодаги бозорга келиб урилган самолёт

    1996 йил 8 январь куни Конгода Россияга тегишли «Ан-32Б» юк ташувчи самолёти учиш-қўниш йўлаги орқали Киншаса шаҳридан Кахембу томон отланган, бироқ ҳавога кўтарила олмаганди. Ҳалокат гувоҳларининг таъкидлашича, самолётни учириш вақтида унинг тумшуқ қисми кўтарилмаган.

    Фото: «Vdpo.ru»

    Фото: «Vdpo.ru»

    У катта тезликда учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва шу яқин атрофдаги бозорга бориб урилган. Аэропорт шаҳар марказида жойлашган эди. У ерда одатда қашшоқ одамлар тўпланган — қолган фуқаролар анча яхшироқ даҳаларда яшашни маъқул кўрган.

    Самолёт савдо қаторлари бўйлаб 240 метрга яқин судралган ва бозордаги қурилиш биносига урилиб, ёниб кетган. Омон қолган конголиклар қоча бошлаган, бироқ юзлаб инсонларга ёрдам бериш имконсиз эди. Маҳаллий ОАВларнинг ёзишича, бозорни одамлар чинқириғи, ёрдам сўраб ибодат қилаётганлар ноласи тутган.

    Кўнгилсиз ҳодиса оқибатида 298 киши ҳалок бўлган — улардан бири экипаж аъзоси эди. Яна 253 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалар бўлган. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари шу қадар эзилганки, фақат 66 кишининг шахсига аниқлик киритилган, холос. Шахси аниқланмаган қурбонлар биродарлик қабристонига дафн этилган.

    Фото: Getty Images

    Фото: Getty Images

    Маҳаллий аҳоли ҳалокатга учраган «Ан-32Б»ни эртаси куниёқ металлоломга ташиб кетган. Самолёт 1993 йилда асос солинган «Москва ҳаво йўллари» авиакомпаниясига тегишли эди — у «Шереметьево 2» корхонаси каби юридик жиҳатдан мустақил бўлинма ҳисобланган. Қанчадир вақтдан кейин компаниялар бирлашган, бироқ «Москва ҳаво йўллари» корхонаси мустақиллигини сақлаб қолишга эришган.

    Ҳалокатдан олдин, 4 январь куни Москва ҳаво транспорти минтақавий бошқармаси комиссияси компания фаолиятини тўхтатган эди — ташкилот фикрича, лайнерлар ўз парвозларида жиддий қоидабузарликларга йўл қўйган. Бундан ташқари, ҳаво кемаларига сифатсиз техник хизмат кўрсатилаётгани аниқланганди. Шунга қарамай, «Москва ҳаво йўллари» ноқонуний равишда парвозларини давом эттирган. Уларнинг охиргиси Киншасадаги фожиавий рейс эди.

    Авиакомпания вакиллари ҳалокат вақтида самолёт техник жиҳатдан соз бўлганини таъкидласа-да, 1996 йил 26 февраль куни Москва транспорт прокуратураси «Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва транспортдан фойдаланиш қоидаларини бузиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган.

    Киншасага Россия Транспорт вазирлигининг Давлатлараро авиация қўмитаси мутахассислари юборилган. Аммо Конго ҳукумати фожиа сабабини аниқлашга тўсқинлик кўрсатган — улар тергов қўмитасига зарур маълумотларни тақдим этмаган, шунингдек, «МC-61» борт магнитофони ва самолётнинг ўзи ёзар қурилмасини Канадага юборган, самолёт эса Украинада ишлаб чиқарилганди.

    Фото: «Vdpo.ru»

    Фото: «Vdpo.ru»

    Шунга қарамай, Транспорт вазирлиги ниманидир аниқлашга муваффақ бўлади. Маълум бўлишича, экипажнинг техник бошқарувни текшириш муддати якунланган эди. Экипаж аъзолари томонидан ортилаётган юк назорат қилинмаган, натижада ҳавога кўтарилиш массаси ортиб кетган ва ҳалокатни юзага келтирган.

    Ҳисоб-китобларга кўра, самолётнинг парвозга рухсат этилган массаси 27 минг килограммни ташкил этган, бироқ фожиа вақтида у 45 минг килограммни ташкил этган. Шунингдек, Транспорт вазирлигининг ҳисоблашича, экипаж нопрофессионал ҳаракат қилган — унинг аъзолари вазиятга кеч баҳо берган ва парвозни тўхтатиш бўйича чораларни кеч кўрган.

    Конгода беш ой давом этган суд «Ан-32»нинг икки учувчиси — Николай Казарин ва Андрей Гусковни айбдор деб топган. Мажлисда улар аввалига бир-бирини айблаган, кейин эса айб N’Dolo аэропорти ходимларида эканини таъкидлашга тушган.

    Фото: «Vdpo.ru»

    Фото: «Vdpo.ru»

    «Аэропортда икки тонна юк учун мўлжалланган ҳужжатга имзо қўйдиришди, аслида самолёт бортида 11 тоннага яқин юк бор эди», — деганди Гусков суд залида.

    Россия ҳукумати учувчиларни ўз юртига қайтаришга уринган, аммо Конго суди уларни икки йилга озодликдан маҳрум этган. Экипажнинг қолган аъзолари Россияга қайтишга муваффақ бўлган. Авиакомпания 1,4 миллион долларга жаримага тортилган. Россия ҳукумати жабрланганларга зудлик билан гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 20 минг доллар ажратган.

    Телба даҳо — ўзини ўзи мот қилган Бобби Фишер

    1957 йил 8 январь куни Бобби Фишер 14 ёшида шахмат бўйича АҚШ чемпионига айланган эди. У шахмат оламини ўзгартириб ташлашга муваффақ бўлган, бироқ ҳаётидаги энг муҳим ғалабани қўлга киритганидан кейин, барчасини қўлдан бой берган.

    Фото: AP Photo

    Фото: AP Photo

    Америкалик Бобби Фишер — шунчаки шахмат бўйича 11-жаҳон чемпиони эмас. У бутун бошли спортга ёндашувни ўзгартирган, Совуқ уруш ва Америка муваффақияти рамзига айланган. 1972 йилда у карьерасидаги энг йирик ғалабага эришиб, Қўшма Штатларнинг миллий қаҳрамони дея эътироф этилган. Аммо шундан кейин Фишер бирорта расмий партия ўйнамаган, зоҳидга айланган ва барча нарсасидан айрилган. 1975 йил 3 апрель куни Роберт Фишер шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвонидан маҳрум этилган.

    Ёш Роберт шахмат билан олти ёшидан бошлаб шуғулланган — унга опаси Жоан ўргатган эди. Янги эрмак уни бутунлай ўз домига тортиб кетган. Бобби тенгдошлари шахмат ўйнамагани учун улар билан мулоқот қилмай қўйган. Йигитча ажойиб хотираси ва хориж тилини ўрганиш қобилияти билан ажралиб турган, шу боис 12 ёшида у нафақат инглиз тилида, балки немис, рус ва испан тилидаги шахмат адабиётларини ўқишга киришган.

    10 ёшида Бобби ўзининг биринчи шахмат турнирида қатнашган — бу вақтга келиб у ўз тенгдошларига эътибор ҳам бермай қўйганди. 13 ёшида Фишер ёшлар ўртасида АҚШ чемпионига айланган, 14 ёшида эса катталар ўртасида ғолибликни қўлга киритган — Америка шахмати тарихида олдин бунчалик ёш чемпион бўлмаган эди. Орадан бир йил ўтгач, Бобби мактабни ташлашга ва ҳаётини тўлиқ шахматга бағишлашга қарор қилган. 16 ёшга тўлганида Фишер дунёдаги энг ёш гроссмейстерга айланган.

    1958 йилда Фишер биринчи ва охирги марта Совет Иттифоқига келиб, яқинда жаҳон чемпиони унвонини қайтариб олган Ботвинник билан дона суриш ниятини маълум қилган. АҚШ чемпионининг талаби рад этилган, шу боис у бошқа совет шахматчиси билан бир нечта блиц-партия ўйнаб, ортга қайтиб кетган. 1959 йилда Роберт Югославиядаги турнирда омадсиз чиқиш қилган, аммо унинг муваффақиятсизлиги шахматчини синдириб қўймаган, балки янада тоблаган.

    Фишернинг шахмат Олимпига чиқиши 1960 йиллар бошига тўғри келган. Америкалик қатор жиддий халқаро турнирларда ғалаба қозонган. 1962 йилда у совет шахматчилари келишувга асосланган дурранглар ҳисобига юқори позицияларни эгаллаши ҳақида китоб ёзган. Шунингдек, Фишер мусобақа низомларини мунтазам бузиб келган. У доим кеч қолар, партиялари вақтини ўзгартирар эди. Бундан ташқари, ҳар доим гонорарларини оширишни талаб қилган.

    1971 йилда Фишер номзодлар турнирида барча рақибларини осонликча мағлуб этиб, шахмат тожи учун Борис Спасский билан беллашиш имкониятини қўлга киритган. Учрашув 1972 йилда содир бўлган, шахмат ишқибозлари буни «Юз йиллик учрашуви» деб атаб келади. Америка ва совет шахматчиларининг Совуқ уруш вақтидаги қарама-қаршилиги сиёсий майдонга ҳам кўчган. Охирги 25 йилдан буён чемпионликни фақат советлар қўлга киритиб келаётган эди, Фишерда эса ушбу гегемонияни тўхтатиш имконияти пайдо бўлган. Мусобақанинг мукофот пули 250 минг долларни ташкил этган — олдин шахмат турнирларида бу қадар кўп маблағ ўйналмаган эди.

    Фото: AP Photo

    Фото: AP Photo

    Фишер шунчаки 0:2 ҳисобида ютибгина қолмай, ҳақиқий мастер-класс кўрсатган — 29 ёшли америкалик жаҳон чемпиони. Фишер ўз ғалабасини оддий қабул қилган, АҚШда эса у миллий қаҳрамонга айланган.

    Мазкур ғалабадан кейин Фишер АҚШда миллий қаҳрамон сифатида кутиб олинган. АҚШга қайтиши билан уни президент Никсон Оқ уйга таклиф қилган, бироқ у буни қуйидагича баҳона билан рад этган: «Овқат чайнаётганимда оғзимга қарашларига чидай олмайман».

    Ғарб матбуоти Фишерни кўкларга кўтара бошлаган, кўплаб машҳур инсонлар — қўшиқчилар, актёрлар — у билан дўстлашиш ва ундан шахмат ўйнашни ўрганишни хоҳлашарди. Фишернинг ғалабаси Ғарбда ушбу ўйиннинг оммалашишига хизмат қилган.

    Фото: AP Photo

    Фото: AP Photo

    Фишернинг ўзи содир бўлаётган воқеаларга хотиржам қараган, одатдаги ҳаёт тарзини давом эттирган. Интервью беришни истамаган, фақат тор доирадаги дўстлари билан мулоқот қилишни маъқул кўрган, кўп миллионлик реклама шартномаларидан воз кечган (миш-мишларга кўра, Фишерга Volkswagen автомобилини реклама қилишни таклиф этишган, бироқ у товар билан шахсан танишиб чиққан ва унинг кўплаб камчиликларига гувоҳ бўлганда «ўз жонига қасд қиладиганлар учун автомобиль реклама қилмайман» деган). У ўзи иштирок этадиган жамоатчилик тадбирларига нарх белгилаган: хат ўқиб бериши учун 1000 доллар, телефонда мулоқотга — 2500, шахсий учрашувга — 5000, интервью учун — 25 минг доллар.

    Спасский билан матчдан олдин Фишер журналистларга шахмат тожини қўлга киритгач, бутун дунё бўйлаб саёҳат қилиши ва катта гонорарлар эвазига ўйнашини, шахмат дунёдаги энг қиммат ўйинга айланишини айтган. Бироқ ушбу баҳснинг сўнгги партияси Фишернинг расман охирги ўйинига айланган.

    Фото: AP Photo

    Фото: AP Photo

    2007 йилда Фишер буйрак етишмовчилиги билан шифохонага ётқизилган. Унга операцияни таклиф қилишган, аммо у буни рад этган. Бунинг оқибатида Фишер 2008 йилнинг 17 январида вафот этган ва у Рейкявикдан 50 километр наридаги Селфосс шаҳарчасидаги қабристонга дафн этилган.

    «Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.

    Мавзуга доир: Камбоджада 3 млн инсон умрига зомин бўлган Пол Пот, Афғонистонда ҳужумга учраган 9-рота ва энг йирик этник урушлардан бири — Босния можароси. Кун хронологиясида 7 январь

    08.01.2023, 09:30   Изоҳ (0)   58832
    Facebook Twitter LinkedIn Telegram Email

    Изоҳ (0)

    Кириш
    Жавоб қолдиринг Бекор қилиш

    Мавзуга доир

    Эронда норозилик намойишларида қатнашган икки йигит осиб ўлдирилди

    08.01.2023, 00:16

    Туркманистон «ягона Хитой» тамойилини қўллаб-қувватлаб, Тайван мустақиллигига қарши чиқди

    07.01.2023, 15:52

    АҚШ ва Украина Россия Путин томонидан эълон қилинган «Рождество сулҳи»ни бузганини маълум қилди

    07.01.2023, 15:29

    Фото: Путин Рождествони Кремлда ёлғиз кутиб олди

    07.01.2023, 14:13

    Россия яна 500 минг кишини сафарбар қилади — Украина разведкаси

    07.01.2023, 13:51

    АҚШдаги мактабда 6 ёшли ўқувчи ўз ўқитувчисини отиб қўйди

    07.01.2023, 12:03
    ×Lightbox Image

    Daryo.uz | Сизнинг муаммоингиз ечими


    Янги уфқлар: Centrum Air ҳафтасига икки марта Тошкентдан Бишкекка парвозларни амалга оширади


    Замонавий Haval Jolion энди 0% муддатли тўлов шартида 


    Tenge Bank Tenge24 иловасида янги рақамли автокредитини эълон қилди


    Тошкентда халқаро финтех-ҳодиса — Visa Cashлесс Форум 2025 бўлиб ўтди 


    UCMG Амстердамда бўлиб ўтаётган Мoney 20/20 Europе халқаро финтеч кўргазмасида Ўзбекистон номидан иштирок этади


     ADM Jizzakh Жиззахда жойлашган 5-ихтисослаштирилган муассаса тарбияланувчилари эҳтиёжи учун автобус тақдим қилди


    Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Европага йўл олмоқда


    Mobiuz "Меҳрибон" имтиёзли тариф режасини тақдим этди


    AVO'дан янги омонат: йиллик 25% гача — 6 ойда орзуингизни амалга оширинг


    UZTELECOM "Мурувват" тарифини тақдим этади: Атиги 25 000 сўм эвазига ғамхўрлик ва эътибор билан бойитилган алоқа


    Навоий инновациялар университети — келажагингизни кафолатлайдиган замонавий таълим маскани! 


    Kapitalbank ва Visa Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ-2026 саралаш ўйинини БААда тантанали равишда очишди


     Coca-Cola жамғармаси ва Глобал атроф-муҳит ва технологиялар жамғармаси (ГЕТФ) “Айланма иқтисодиёт келажаги учун ҳамкорлик битими (PACТ)” ни эълон қилганлиги ҳақида маълум қилди


    Сув — бебаҳо неъмат: Агробанкдан фермерлар учун янги методик тўплам


    Sello Ecosystem Фарғона, Андижон ва Наманганда Sello Summer Fest ёрқин фестивалини ўтказди

     

    Тавсия этамиз

    Чумчуқларга ем бўлган бургутлар. “Ўргимчак тўри” операцияси Россия учун қанчага тушади?

    4 июн, 18:49
    Audio Icon

    Қуриб қолган кўчатлар, миллионлар шамолга учдими?

    4 июн, 15:03

    Фелдмаршалга алмаштирилмаган Сталиннинг зурриёти — “доҳий” нега ўғлини урушга юборган эди?

    3 июн, 21:10

    Кўзи ўткир, қулоғи сезгир темир қушчалар. Разведкачи дронларнинг “катта акалари”

    3 июн, 20:40
     
     
     

    Сўнгги янгиликларга ўтиш

    Исроил узоқ танаффусдан сўнг Байрут ҳудудига зарба берди

    Дунё | 6 июн, 16:00

    Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари ва мураббийларини мукофотлаш тўғрисидаги президент фармони эълон қилинди

    Ўзбекистон | 6 июн, 15:25

    Муҳаббат ва нафрат ораси бир қадам. “Ёлғончи” Трамп ва “телба” Маск ўртасидаги можаро ижтимоий тармоқларни портлатди

    Дунё | 6 июн, 14:00

    Жаҳон чемпионати йўлланмасига эга чиққан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига машина совға қилинади

    Спорт | 6 июн, 13:54

    Осиёдан яна бир терма жамоа илк марта мундиал йўлланмасига эга чиқди

    Спорт | 6 июн, 12:36

    Эндиликда эҳтиёжманд оилаларга газ ва электр энергияси учун йил бўйи компенсация берилади 

    Ўзбекистон | 6 июн, 12:35

    Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Деҳли шаҳрида “Марказий Осиё - Ҳиндистон” ишбилармонлар кенгаши йиғилишида иштирок этди

    Ўзбекистон | 6 июн, 11:50
    Daryo About Us

    «Daryo» интернет-нашрининг (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) томонидан 13.03.2015 йил санасида 0944-сонли гувоҳнома билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган). Матнли материалларини тўлиқ кўчириш ёки қисман иқтибос келтиришга, шунингдек, фотографик, график, аудио- ва/ёки видеоматериалларидан фойдаланишга daryo.uz сайтига гиперҳавола мавжуд бўлган ва/ёки «Daryo» интернет-нашрининг муаллифлигини кўрсатувчи ёзув илова қилинган тақдирда йўл қўйилади. Чоп этиладиган баъзи маълумотлар 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланмаган бўлиши мумкин. Info@daryo.uz

    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte

    © «Simple Networking Solutions» МЧЖ, 2013–2025

    Ёш бўйича чеклов

    Хато топдингизми? Ctrl+Enter тугмаларини босинг

    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Реклама
    Нимани қидирамиз?

    Sign In or Register

    Хуш келибсиз!

    Тизимга киринг ёки Рўйхатдан ўтинг.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Рўйхатдан ўтинг

    Рўйхатдан ўтганмисиз? Login.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Сизга парол электрон почта орқали юборилади.

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Матнда хато топдингизми?

    ×

    Раҳмат. Биз сизнинг хабарингизни олдик ва хатони имкон қадар тезроқ тузатамиз.