Тошкент вилоятида яшовчи шахс фарғоналик фуқаронининг пулларини Telegram орқали ўғирлагани аниқланди. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази хабар қилди.
Қайд этилишича, Риштон туманида яшовчи фуқаро А.А. ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида Telegram мессенжерида «Агробанк бош офиси» номли аккаунт фойдаланувчиси ўзини банк ходими деб таништириб, «Агробанк»дан йилллик 27 фоиз ҳисобида 10 миллион сўм миқдорида кредит чиқариб беришни айтганини билдирган. Ўзини банк ходими деб таништирган шахс А.А.ни алдаб, 2 та банк картаси маълумотларини олиб, ундаги жами 12 миллион 400 минг сўм пулларни ўзлаштириб, ғойиб бўлган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида пулларни талон-торож қилган шахс Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида яшовчи К.Д. (1997 йилда туғилган) экани аниқланган. Маълум бўлишича, К.Д. пулларни олиб, онлайн қимор ўйинларига сарфлаб юборган.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Изоҳ (0)