2 январь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Вьетнам уруши давомида «Боло» операциясининг бошланиши, Грузия президенти Гамсухурдиянинг ағдарилиши ҳамда поляклар томонидан отиб ташланган Қизил Хоч вакилларига оид фактлар ўрин олган.
Вьетнам уруши давомида бошланган «Боло» операцияси
1967 йил 2 январь куни Вьетнам уруши давомида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан «Боло» номини олган операция бошланганди. Унинг мақсади ветнамликларнинг «МиГ-21» қирувчи самолётлари хавфини бартараф этиш бўлган. Операция давомида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари бутун уруш давомидаги энг муваффақиятли ҳаво жангини олиб борган.1965 йилдан бошлаб АҚШ авиацияси мунтазам равишда Вьетнамни бомбардимон қилиб келган. Биринчи йил давомида Вьетнам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини артиллерия қуроллари ҳамда пулемётлар ташкил этган, зенит ракета мажмуалари ва тутиб қолувчи қирувчилар у қадар катта рол ўйнамаган.
Аммо СССР томонидан кўрсатилган доимий ёрдам мамлакат мудофаа қобилияти ва Ҳарбий-ҳаво кучларини мустаҳкамлашга хизмат қилган. 1966 йиллар ўрталарига келиб Вьетнам томони замонавий «МиГ-21» қирувчи самолётларига эга бўлган. Йил охирига келиб мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги узоқ масофадаги Америка самолётларини тутиб қолишни синай бошлаган ва бу ўз навбатдаги Ф-105 самолётлари учун сезиларли даражада зарар етказган.
1966 йил кузида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари 8-тактик қирувчи қанотининг янги командири этиб Иккинчи жаҳон урушида тажриба орттирган полковник Робин Олдс тайинланган. У ҳаво жангларидаги йўқотишлар ортиб кетганидан ташвишга тушган ва душман тарафнинг авиациясига зарар бериш керак деган хулосага келган. Бунга қадар Вьетнам Ҳарбий-ҳаво кучлари фаоллиги пастлиги сабаб иккинчи даражали нишон сифатида қаралган.
Вьетнам аэродромларини бомбардимон қилишга тақиқ қўйилгани боис «МиГ»ларни ерда йўқ қилиш имконсиз эди: АҚШнинг юқори сиёсий раҳбарияти аэродромларга берилган зарбалар совет ҳарбийларининг ўлимига сабаб бўлиб, оқибатда СССР тўғридан-тўғри урушга аралашишни бошлашига олиб келишидан хавотирда бўлган. Ечим битта эди: душман тараф авиациясини Америка томони фойдасига хизмат қиладиган ҳаво жангига чорлаш.
Операция 1967 йил 1 январга мўлжалланган, бироқ об-ҳаво ноқулайлиги сабаб 2 январга қолдирилган. Асосий вазифа 8-қанотнинг шахсан Олдснинг ўзи бошчилик қилган 28 та Ф-4C самолётларига юклатилган.
Америкаликларнинг режаси иш берган. Душман тараф «МиГ-21» қирувчиларини ҳавога кўтарган ва «Фантом» учувчилари саноқдаги устунликларидан фойдаланган ҳолда манёврли ҳаво жангига киришган. Америка маълумотларига кўра, ўшанда Вьетнамнинг 7 та самолёти уриб туширилган ва бирорта йўқотишга учрамаган.
Бир неча кун ичида мавжуд «МиГ-21» қирувчиларининг ярмидан айрилган Вьетнам Ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи авиациядан фойдаланиш тактикасини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлган. 921-полкнинг шахсий таркиби содир бўлган воқеада тушкун кайфиятда эди. Умуман олганда, йўқотилган зарар ўрнини тўлдиришга икки ой вақт кетган: 1967 йил баҳорига қадар 921-полк ҳеч қандай ҳаракатларни амалга ошира олмаган, Шимолий Вьетнам авиацияси фаолияти деярли тўхтаганди.
1967 йил 2 январдаги жанг уруш тарихидаги энг йирик тўқнашувлардан бири ҳисобланади. Америка томонининг маълум қилишича, кейинчалик бундай муваффақиятга яна икки маротаба эришилган: 1967 йил майда ва 1972 йил майда.
Грузия президентининг ағдарилиши
1992 йил 2 январь куни Грузия мухолифати мамлакат президенти Звиад Гамсухурдияни ҳокимиятдан ағдарган эди. Гамсухурдия қандай қилиб президентликка сайлангани ва унинг кетишига нима сабаб бўлгани тўғрисида қуйида баён қиламиз.1980 йиллар охирида грузин жамиятида СССР таркибидан чиқиш бўйича кайфият кучайган. Ҳамма 1921 йил февраль ойида меншевиклар Грузияси аҳолининг катта қисми иродасига қарши ва Қизил армия бўлинмалари ёрдамида советлаштирилганини кўпроқ эсга ола бошлаган. Москвага нисбатан нафрат сезиларли даражада ортиб борган.
1989 йил 9 апрель куни Тбилисида ИИВ ва армия ички қўшинлари республика мустақиллигини эълон қилиш шиорлари остидаги митингни тарқатиб юборган. Тўқнашув намойишчиларнинг ҳалок бўлиши, жароҳат олиши ва куч тузиламалари ходимлари яраланишига олиб келган. Грузиянинг мустақилликка эришишга бўлган интилиши янада ортиб борган. Шу билан бирга, осетин озчилиги Совет Иттифоқи таркибида қолиш тарафдори бўлган.
1989 йил 9 декабрь кунги воқеалар Тбилисида грузин миллатчилари рейтингининг кескин ўсишига олиб келган ва Грузиядаги миллий ҳаракатнинг навбатдаги мурватига айланган. Митинг куч билан тарқатиб юборилганига қарамай, у Грузия мухолифати етакчиларининг ғалабасига айланиб, ҳокимиятнинг вазиятни назорат қила олмаслигини кўрсатди, деган фикрлар мавжуд.
Шу йилнинг 26 май куни Грузия Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Грузия Демократик Республикаси эълон қилинганининг 71 йиллигини нишонлаш учун миллий байрам деб эълон қилади. Тбилисидан вилоятларга 1918 йилги Грузия меншевиклар ҳукуматининг уч рангли байроқларини осиб қўйиш бўйича буйруқ келган. Қарийб бир йилдан кейин, 1990 йил 9 мартда Грузия Олий кенгаши «Давлат суверенитети ҳимояси кафолати тўғрисида»ги қарорни қабул қилган ва у орқали мамлакатни 70 йил давомида бошқарган совет ҳукумати даври ноқонуний бўлгани айтилган.
Ўша йилнинг апрелида «Юмалоқ стол — озод Грузия» блоки ташкил этилган: маҳаллий миллий ҳаракатда биринчи ролга Звиад Гамсухурдия чиққан. Сиёсий блокнинг асосини «грузин миллати консолидацияси», «Грузия мустақиллигини қайта тиклаш», «1921 йилги конституцияни қайта тиклаш» ташкил этган.
1991 йил 31 март куни Грузия мустақиллиги учун умуммиллий референдум ўтказилган. Расмий маълумотларга кўра, унда 3 миллион 326 минг киши ёки овоз бериш ҳуқуқига эга 89 фоиз аҳоли иштирок этган. Овоз берганларнинг 98,9 фоизи республика мутақиллиги қайта тикланишини ёқлаган.
Абхазияда эса референдум Гудауцк туманидан бошқа барча ҳудудларда ўтказилган. Грузиядан мустақил бўлиш учун рўйхатдан ўтган сайловчиларнинг 59,9 фоизи овоз берган. Жанубий Осетиядаги вазият кескинлашуви сабаб Схинвали, Знаури ва Жавский туманларида сўров амалга ошмаган. Шу билан бирга, очиқ манбаларда Абхазия ва Жанубий Осетия аҳолисининг аксарияти рефередумга бойкот қўйгани ҳақида маълумотларни учратиш мумкин.
Овоз бериш жараёнлари натижаси тўрт кундан кейин эълон қилинган. 1991 йил 9 апрель куни Гамсухурдия бошчилигидаги республика Олий кенгаши Грузия давлат мустақиллигини қайта тиклаш тўғрисидаги актни қабул қилган.
1991 йил 14 апрель куни республика Олий кенгаши Грузия президенти постини жорий этиш қарорини чиқарган. 26 майда эса президентлик сайловлари бошланган: уни 86,5 фоиз овоз билан Гамсухурдия ютган. Унга қонунчилик ва ижро этишда кенг валокатлар берилган. Гамсухурдия қонунларга вето қўйиши ва Олий кенгашни тарқатиб юбориши, Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини тўхтатиши ҳамда маъмурий туманларни тузиши, автоном республикаларни бошқаришда кенг ваколатларга эга бўлиши мумкин эди.
«1991 йил 31 мартдаги референдум Грузияни мустақил қилди. Гамсухурдия зудлик билан Абхазия ва Жанубий Осетияни ягона давлатга бирлаштира бошлади. Бутун мамлакат телба шовинизм билан қопланди. Тоғли Қорабоғдаги қирғин билан банд Кремль Эдуард Шеварднадзенинг айтганини қилиб, вазиятга аралашмаган, қолган бутун дунё Москванинг сиёсатидан ташвишга тушганди», — деб ёзади Дональд Рейфилд ўзининг «Грузия. Imperiya чорраҳаси. Уч минг йиллик тарих» китобида.
1991 йил охирида Гамсухурдия ва мамлакат парламенти ўртасида келишмовчилик юзага келади ва бу қуролли қаршиликка айланиб кетган. 1992 йил январь бошида президент Ҳарбий кенгаш томонидан ағдарилган ва Грузиядан қувғин қилинган. Март ойидан бошлаб парламент функциясини янги сайловларга қадар Грузия Давлат кенгаши бошқарган — унинг таркибида мухолифат партиясининг 70 нафар аъзоси бор эди. Уларга СССР собиқ ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзе бошчилик қилган ва шу йилнинг кузида у давлат раҳбари лавозимига сайланган.
Поляклар томонидан отиб ташланган Қизил Хоч миссияси аъзолари
1919 йил 2 январь куни поляк жандармлари Варшавага келган совет Қизил Хоч миссияси аъзоларини отиб ташлаган эди.Биринчи жаҳон уруши якунлангач совет Россияси чегараларидан ташқарида қарийб 2 миллион аскар ва офицер асирда бўлган. Брест тинчлик битими имзоланганидан кейин улар секин-аста ўз ватанларига қайтарила бошланган. Бунда бутун Европа бўйлаб энг машҳур гуманитар ташкилот — Россия Қизил Хоч орқали иш олиб борилган.
Унинг Германия ва Чехиядаги миссияси тезда иш бошлаган. Бу маҳаллий ҳукуматда ҳеч қанақа саволларни келтириб чиқармаган. Собиқ асирлар ватанига юборилишга тайёрланган, уларнинг соғлиғи, овқатланиши назоратга олинган ва сафари ташкиллаштирилган. Бундай миссияни Польшага юборишга ҳам тайёргарлик кўрилган. Бироқ унинг таркибига тезда аниқлик киритилмаган, поляклар коммунист Мархлевскийни Бронислав Веселовкийга алмаштиришни талаб қилган. Бу қутқариладиган инсонлар тақдирига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган ва шу сабабли совет Россияси Польшанинг талабига кўнган.
1918 йил 20 декабрь куни Қизил Хоч делегацияси Польша пойтахтига етиб келган. Миссия келиб жойлашган меҳмонхонада шу куннинг ўзида тинтув ўтказилган. Уларнинг барчаси ҳибсга олиниб, қамоққа юборилган.
Кутилмаганда Варшава аҳолиси хориж дипломатияси вакиллари ҳимоясига кўтарилган. Натижада норозилик намойишини қувиш вақтида поляк жандармлари 6 кишини отиб ташлаган ва 11 киши яраланган.
Эртаси куни ҳибсга олинганларнинг барчаси Варшавадан Мен қишлоғи атрофига олиб борилган ва 1919 йилнинг 2 январида шунчаки отиб ташланган. Аввалига улар кутилмаганда йўқолиб қолишгани тўғрисида ёлғон маълумот бермоқчи бўлишган. Кейинроқ дипломатлар босқинчилик ҳужумига учрагани айтилган. Бунинг учун жандармлар ўғрилик ҳолатини уюштирган. Кўп ўтмай газеталарда руслар бедарак йўқолгани тўғрисида ёлғон мақолалар чиқа бошлаган. Бироқ ҳақиқат энг кутилмаган ҳолатда барчага ошкор бўлган.
Миссия ходимлари отиб ташланган вақтда улардан бири, шифокор Леон Алтер омон қолган. У кўкрагига ўқ текканида йиқилиб тушган ва ҳушини йўқотган. «Ўлдирилган» шахс бошқалар билан бирга қорлар орасига кўмилган ва устларига шох-шаббалар ташланган. Шифокор совуқда ўзига келган ва энг яқин қишлоққа қадар етиб борган. Ярадорга дори воситалари билан ёрдам кўрсатилган, шундан кейин Алтер Минск орқали Россияга етиб бориб, полякларнинг жинояти ҳақида сўзлаб берган.
Поляклар қилган жиноятини оқлаш мақсадида болшевикларнинг Қизил Хоч жамияти вакиллари Польшага сўл партиялар билан махфий ушрашувлар ўтказиш ва ҳокимиятни алмаштириш бўйича фитна уюштириш учун келганини баҳона қилган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)