Ўзбекистонда 2014—2016 йиллар оралиғида чет элга даволаниш учун кетиш авжига чиққан. Бу ҳақда шифокор Мақсуд Маллаев «Дарё»га берган интервьюсида айтди.
Мақсуд Маллаевга кўра, ўша даврда Ўзбекистон тиббиётига бўлган ишонч ниҳоятда паст бўлган.
«Эслайман, 2014—2016 йиллар оралиғида ҳамюртларимиз чет элга даволаниш учун самолёт тўла кетарди. Баъзилар бизни тиббиётга ишонмагани, бошқалари бизда чиндан ҳам ўша операцияни қилиш имкони йўқлиги учун борарди. Ҳар куни камида икки самолёт беморлар даволаниш учун Ҳиндистонга кетарди. Имконияти кўпроқлар Германияга кетарди. Чунки хорижда тиббиёт сифати юқорилиги айтиларди. Ҳозир чет эл мутахассисларини ўзимизга олиб келиб, операция қилдириш амалиёти бошланган. Яъни хорижга 100 киши кетмаяпти-да, у ёқдан бир шифокор келиб, шу ернинг ўзида 100 нафар беморни операция қилмоқда. Бунда йўлкира ва чет элдаги клиникаларга сарфланадиган маблағлар ўзимизда қолмоқда. Бу тиббиётга кетаётган харажатларни 70-80 фоизга қисқартириб бермоқда. Қолаверса, ўзимизнинг шифокорлар ҳам хорижликлардан билим ўрганиб, уларнинг даражасига чиқмоқда», — деди шифокор.
Аввалроқ шифокор 2000 йиллар тиббиётини эслаб, ўша даврда хусусий клиникалар очиш мураккаб бўлганини айтганди.
«2000 йилларда битта хусусий клиникани очиш учун бюрократизм ва кўплаб қийинчиликлар бўларди. Ҳозир хусусий клиника очишда муаммолар йўқ. Қолаверса, бу йўналишда давлат томонидан субсидиялар ҳам берилмоқда», — деганди Мақсуд Маллаев.
Изоҳ (1)
Хозир хам медицина ноль буни медицина деб булмайди одамларди касалигиям бизда бизнеса айланиб кетган