Коронавирус касалланган беморлар танасида ҳатто уларнинг ўлимидан кейин ҳам сақланиши мумкин, шу билан бирга, вируснинг юқиш қобилияти ҳам сақланиб қолади. Бу ҳақда The New York Times Япониядаги Тиба университети ва Германиядаги Гамбург-Эппендорф тиббиёт маркази тадқиқотига таяниб маълум қилди.
Германиялик мутахассислар маълумотларига кўра, COVID-19 излари ўлимдан кейин жасадларда 17 кун давомида сақланиб қолган. Ўз навбатида, япониялик олимлар ҳатто ўлик одам танасида ҳам юқумли вирус аҳамиятли миқдорда сақланишини аниқлади. Улар оғмахонлар устида ҳам тадқиқот ўтказди: тирик жониворлар билан битта қафас ичида бўлган ўлик оғмахон ўз турдошларига коронавирус юқтирган.
«Худди зомбилар ҳақидаги даҳшатли фильмдаги каби, коронавирус касалланган беморларнинг вафотидан кейин ҳам уларнинг танасида сақланиши мумкин», — дейилади мақолада.
Айни вақтда япониялик олимлар қайд этишича, тирик бемордан коронавирус юқиши хавфи жасадлардан зарарланиш хавфидан анча юқори.
Коронавирус — одамлар ва ҳайвонларга юқадиган вирусларнинг кенг оиласи. Уларнинг ўзига хос жиҳати оқсилли тиканлар бўлиб, улар туфайли вируслар тезкор ва самарали тарзда тарқалишга қодир. Уларнинг баъзилари одамларда оддий шамоллашдан тортиб, жиддийроқ ҳолатларгача бўлган респиратор инфекцияларини келтириб чиқариши мумкин. Янги COVID-19 коронавирус инфекцияси биринчи марта 2019 йил декабрида Хитойнинг Ухань шаҳрида авж олганди. 2020 йил мартида, вирус бутун сайёрага тарқалганидан кейин, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пандемия авж олганини эълон қилди.
Изоҳ (0)