Бир неча ҳафтадирки, Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Тошкент шаҳридаги учта онкологик шифохонанинг сотувга қўйилиши тармоқларда муҳокама бўлмоқда. «Дарё» интернет нашри мазкур мавзу юзасидан қўшимча ўрганишлар олиб борди.
Аввалроқ майдони 10 гектарга яқин Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий марказининг 281,7 миллиард сўм, 2,68 гектарли Тошкент вилояти онкология касалликлари шифохонасининг бино ва иншоотлари 92 миллиард сўм ҳамда майдони 4,64 гектар бўлган Тошкент шаҳар онкология касалликлари шифохонасининг бино ва иншоотлари 160,4 миллиард сўм бошланғич нарх билан сотувга қўйилганди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифохоналарнинг сотувга қўйилишини Онкология маркази ҳамда унинг пойтахт ва Тошкент вилоятидаги филиаллари ягона уникал комплексга бирлашаётгани билан боғлади. Айтилишича, комплекс биноси 8 қаватдан иборат бўлиб, 650 ўрин стационар ва 100 ўрин кундузги стационар даволанувчилар учун мўлжалланган.
Хўш, пойтахт марказидаги ва шунга мос равишда қаричи ҳам пул турадиган ерлар ССВга керак эмасми? Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятовнинг «Дарё» мухбирига айтишича, учала ер ҳам вазирлик учун кераксиз.
Тиббиёт давлатнинг аравасида. Агар эртага эҳтиёж бўладиган бўлса, ер кўп. Давлат ажратиб бераверади. Яқин 50 йиллик стратегиямиз бор. Бу стратегияда 500—2000 ўринли бўлган мана шундай тиббий трансферлар ташкил қиладиган бўлса, яқин 50 йилда бизга ортиқча ер керак эмас. 2030 йилга бориб аҳоли 45 миллионга чиқади, 40 йилга бориб 50 миллиондан ошамиз. Мана шу 20-30 йиллик аниқ стратегиямиз бор. Шунинг учун бизга ортиқча ер керак бўлмайди. Фақат мавжуд жойларимизга, замонавий биноларимизга тиббиёт ходимларимизнинг янги авлоди ва жиҳозларимиз билан кириб боришимиз керак. Учала ер ҳам Соғлиқни сақлаш учун керак эмас. Чунки Тошкент тиббиёт академияси ҳудуди 50 гектардан кўп, яъни клиника, ўқув биноси, анкология бошқа томонида урология маркази бўляпти. Яна қўшимча шифохона олиб келишимиз мумкин. Логистика бўйича давлат дастури бор. Машиналар патоги, кириши, чиқиши бўйича алоҳида давлат дастури бўляпти (қўшимча йўллар). Транспорт вазирлиги бунинг ҳаммасини ўрганяпти. Бу бўйича уларнинг ҳам стратегияси бор. Чунки давлатчиликда ҳамма нарса ҳисоб-китоб қилинади. Шаҳарда охирги беш йил ичида қанчадан-қанча кўприклар қурилди. Шунақа қўшимча йўллар қурилади. Беморлар келиши, албатта, ҳисобга олинган. Сув, канализация, коммуникация, йўл ҳаммаси ўйланган, — дейди вазирнинг биринчи ўринбосари.Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари Алишер Миралиев «Дарё» мухбирининг сотилаётган шифохоналарга белгиланган нархлар бозор нархига қанчалик тўғри келиши ҳақидаги саволга жавобан шифохона ерлари ҳамда бино ва иншоотлар хусусий баҳолаш хизматлари томонидан нархланганини айтди.
Нарх баҳоланганидан кейин бошқа яна бир баҳолаш маркази уни экспертизадан ўтказган. Шифохона ерларининг сотихи 30 минг доллар атрофидаги қийматда белгиланган. Шуни ҳисобга олиш керакки, бу бошланғич нарх бўлиб, қиймат сотув даврида кўтарилиб бориши мумкин, — дейди у.Яна бир қизиқ жиҳати республика онкология маркази ҳамда унинг пойтахт ва Тошкент вилоятидаги филиалларини ягона уникал комплексга бирлаштириб, янги бино қуриш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ қарори асосида Тошкент шаҳар ҳокимига яқин кишиларга тегишли экани айтиладиган Mimar Group масъулияти чекланган жамиятига берилган.
Мазкур комплекс қурилишига 600 миллиард сўм сарфланиши айтилмоқда. Вазирлик онкология тизимини, жумладан, ушбу комплексни замонавий технологиялар билан жиҳозлашга 80 миллион доллар маблағ ажратилаётганини очиқлаганди. Янги онкология маркази қурилиши бўйича ижтимоий тармоқдаги хабарларга Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳам муносабат билдирганди.
Агентлик хабарларида келтирилган объектларнинг ер майдони 3-4 минг долларлик бошланғич баҳода сотувга қўйилган деган важларни мутлақо асоссиз деди ва ушбу мулкий мажмуалар қонунчиликда белгиланган тартибда мустақил баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳоланганини билдирди.
Онколог Мақсуд Маллаевнинг «Дарё»га маълум қилишича, Онкология марказини қуриш ривожланган давлатлардаги стандартларга мос келади.
Вилоятларда қила олмайдиган, техник қурби етмаган ва баъзи бир бир нечта команда орқали ўтказилиши керак бўлган мураккаб операциялар ёки процедуралар марказга йўналтирилади. Ундан ташқари, кўп тармоқли шифохоналарнинг ичида ҳам бемалол онкологик касалликлар бўлим бўлгандан кейин ҳам касаллик аниқлаш, ўз вақтида топиш ва шуни бошқариш имконияти ҳам ошади.Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибадуллаев эса учта шифохона фаолиятини тугатиб, бир жойга жамлаш амалий тиббиёт нуқтаи назаридан мутлақо нотўғри, деб баҳоламоқда.Марказнинг ўзи илмий даражаси ҳисобига бемалол бутун Ўзбекистонни назорат қила олиши мумкин. Марказлашган онкология кўп тармоқли шифохоналарда очиладиган онкология бўлимларини доимий назоратда ушлаб туриш ва қайта тайёрлаш учун бу марказ сифатида ташкил қилиняпти. Бу тажрибани олиб келишнинг сабаби шу эди. Ҳозирги пайтда дунёнинг ҳамма давлатида — Европа, Исроил, Араб давлатлари ҳамда Япония ҳам худди шу системада ишлайди, — дейди Мақсуд Маллаев.
Шахсий фикримча, бу — нотўғри. Нима учун? Майли, олиб келди ҳам дейлик, мана онкогематология маркази энг замонавий, дунё талабларига жавоб берадиган марказ қилиб қуриляпти. Ман шу ҳудудда 40 йилдан буён ишлайман. Эрталаб ишга келганда, дарвозадан кириб бўлмайди. Тиқилинч, яъни тирбандликлар жуда кўп. Бу ерда Тошкент тиббиёт академиясининг ўқув биноси жойлашган. Марказий Осиёда энг катта шифохона жойлашган — 14 та корпус, сал нарироқда урология маркази ва лицей жойлашган. Бу ёқда талабалар ётоқхонаси. Бешта марказ жойлашган жойга агар уларни ҳам кўчирса, тасаввур қилинг қанақа тиқилинч юзага келади. Тез тиббий ёрдам кўрсатадиган ҳолатлар, тез тиббий ёрдам машиналари ва ўша врачларнинг ўзи тез етиб келиши керак. Ман метро шу ергача тортилишини хоҳлардим, — дейди шифокор.Маълумот учун, онкология марказининг янги барпо этилаётган ягона уникал комплекси 2023 йилнинг май ойида ишга туширилиши кутилмоқда.
«Дарё» интернет нашрининг вилоятлардаги мухбирлари онкология касаллиги билан оғриган беморларга қай даражада ёрдам кўрсатилаётгани, шунингдек, ҳудудларда бу касаллик билан оғриган беморларнинг ётиб даволаниши учун қандай имкониятлар яратилгани билан қизиқди.
Наманган
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилоят филиали таркибида онкогинекология, жарроҳлик, маммология, реанимация ва радиология бўлимлари бўлиб, уларда бугунги кунда 150 нафарга яқин бемор даволанмоқда.
Филиалга кейинги йилларда хориждан энг замонавий қурилмалар келтирилгани эътиборимизни тортди. Жумладан, МАГАТЭ ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигидаги лойиҳа доирасида Чехиядан 1,2 млн доллар эвазига келтирилган Terabalt аппарати ўсма касалликлари ҳужайраларини радиоактив нурлар ёрдамида куйдиришга мўлжалланган экан. 365 минг евро турадиган ва Фарғона водийсида ягона бўлган Flexitron қурилмаси ёрдамида эса бачадон бўйни ва тўғри ичак саратони касалликларида радиоактив моддалар қўлланади.
Муассаса ҳовлисида вилоят ҳокимлиги томонидан совға қилинган мобил маммограф автобуси турибди. Мутахассислар ҳафтада беш кун давомида бу автобусларда шаҳар-туманларга чиқиб, Япониянинг Fujifilm компаниясидан 100 минг доллар эвазига келтирилган қурилма ёрдамида 45-65 ёш тоифасидаги аёллар ўртасида сут бези саратонини аниқлаш учун маммоскрининг ўтказади. Филиал директори Анвар Эшоновнинг айтишича, 6 ой аввал олинган мазкур мобил маммограф орқали 2100 нафар аёл текширувдан ўтказилган ва улардан 120 нафарида ушбу касалликнинг дастлабки босқичлари аниқланган.
Филиалда беморларга 4 маҳал бепул овқат берилар экан. Овқат етказиб бериш аутсорсинг тизимига ўтказилган бўлиб, таомномадан асосан сутли ва ярим қайнатилган таомлар ўрин олган. Ташқаридан овқат олиб келиш ман этилган. Бемор болалар учун алоҳида хона ажратилган ва ушбу хона деворлари уларга хуш кайфият улашадиган расмлар билан безалган. Шунингдек, болаларга мўлжалланган каналларни кўриш учун телевизор ҳамда турли-туман ўйинчоқлар билан жиҳозланган.
Филиалда 2023 йили 180 қатновга мўлжалланган икки қаватли замонавий онкология поликлиникаси қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун муассасага 9 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
«Дарё» мухбири шифохонада бўлган пайт бу ерда меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг ўртача маоши билан қизиқди. Маълум бўлишича, бу ердаги анестизиолог-реаниматолог шифокорларга 40 фоиз, ўрта тиббиёт ходимларига 25 фоиз устама қўшиб берилар экан. Бироқ шунда ҳам ўзига хос хусусият ва зўриқишлар билан боғлиқ онкология йўналишида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлиги ўртача 4-5 миллион сўмни ташкил этмоқда. Ҳамшираларнинг маоши бундан ҳам паст экани табиий.
Шунингдек, бу турдаги даволаш масканларида психологлар доимий фаолият олиб боришига зарурат бордек. Намангандаги филиалда эса негадир уларга кўзимиз тушмади.
Фарғона
Фарғона шаҳридаги онкология шифохонаси 1976 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, 2018 йилда республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиали сифатида иш бошлаган. Айни вақтда 120 ўринга мўлжалланган шифохонада 10 та бўлим фаолият кўрсатмоқда.
Шифохонанинг бош-бўйин ва болалар онкологияси бўлими халқаро стандартлар асосида мукаммал таъмирланган. Қабулхона биносини мукаммал таъмирлаш учун қарийб 1 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона ҳамда Қўқон филиалларига 1,3 миллиард сўмлик ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари (ИВЛ), кислород концентраторлари, кардиомониторлар, портатив нафас олдириш ускуналари, реанимация махсус ётоқлари, музлаткичлар, болалар ётоқлари ўрнатилган. Япония элчихонаси гранти асосида 91 минг долларлик тиббий жиҳозлар олиб келинган. Шифохонада бир ойда ўртача 100-130 та жарроҳлик амалиёти ўтказилади.
2021 йилда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилоят филиалида 20 ўрин-жойга мўлжалланган радиология (нур терапияси) бўлими очилган. Бўлимга Ислом тараққиёт банкининг 550 минг доллар мабағи ҳисобидан Чехия давлатида ишлаб чиқарилган замонавий нур аппарати олиб келинган. Радиология бўлими очилиши учун охирги бир йил мобайнида маҳаллий бюджет ҳисобидан қарийб 970 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш ишлари олиб борилган. Радиология бўлимининг очилиши Фарғона вилоятининг барча беморларига шу ернинг ўзида, ортиқча сарсон бўлмасдан вақтида нур терапия муолажаларини олиш имконини яратди.
Илгари беморлар нур муолажасини олиш учун 3-5 ойгача бошқа вилоят онкология муассасаларида навбатда туришига тўғри келарди. Бу эса даволаш самарадорлиги пасайишига сабаб бўлса, баъзи беморларда навбати келгунига қадар касаллик зўрайиши ҳолатлари кузатиларди. Бўлимда фаолият олиб бораётган радиолог шифокорлар Беларусь, Ҳиндистон ва Туркия давлатларининг етакчи клиникаларида малака ошириб келган.
Андижон
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Андижон вилояти филиали бош врачи Гулжаҳон Ҳакимованинг айтишича, авваллари 4-босқич онкологик касаллик билан оғриган беморлар етарли шароит бўлмагани сабабли сарсон бўлган. Ҳозирда улар умрининг охиригача шифохонада даволаниш ҳуқуқига эга.
Бундан уч йил олдин 4-босқич онкологик касаллик билан оғриган беморларни қабул қила олмасдик. Чунки уларга махсус муолажалар ўтказиш мумкин эмас эди. Кимётерапия қилолмаймиз, нур терапия ҳам бериш мумкин эмас. Жарроҳлик амалиётини бажариб ҳам бўлмайди. Шу сабабли барча беморларни тумандаги шифохоналарга юбориб, назорат қилиб туришларини сўрардик. Президентимизнинг қароридан сўнг ҳар битта онкология бўлимида полиотит бўлими очилди. Бу ерда сўнгги босқичдаги беморлар даволаниши белгиланди. Қувонарлиси беморларнинг ётиб даволаниш муддати чегараланмаган. Агарда бемор истаса ўн кун, бир ой, олти ой ёки умрининг охирги кунигача ҳам шу ерда ётиб даволанишлари мумкин. Уларнинг шунга ҳуқуқлари бор. Аввалари шароитлар йўқ эди. Касалликнинг охирги босқичидаги беморлар жудаям сарсон бўлар эди. Ушбу бўлим Республикада биринчилардан бўлиб, Андижонда ташкил этилди. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Беморлар учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Шифокорлар томонидан доимий назорат қилиб борилади», — дейди Гулжаҳон Ҳакимова.
Шифокорнинг айтишича, вилоятда яратилаётган шароит сабаб касаллик аниқлангандан сўнг 5 йилдан кўп яшаган беморлар сони ортган.
Олдин бутун дунё бўйича, ҳаттоки бизда ҳам онкологик касалликлар асосан ёши катталарда учрарди. Лекин ҳозирги вақтда бу касаллик ёш танламай қўйди. Ҳамма ёшдаги аҳолида учраяпти. Сўнгги йилларда касаллик ҳисобда турган беморларимиз сони ортди. Лекин бизни бир нарса қувонтиради. Яъни касаллик аниқлангандан сўнг 5 йилдан кўп яшаган беморлар сони ҳам ортган. 2021 йил давомида 2002 нафар янги бемор ҳисобга қўйилган бўлса, жорий йилнинг 9 ой давомида беморлар сони 2000 тадан ортиб кетди. 2017 йилда беморларнинг 1,2 фоизи биринчи босқичда, қолган ҳаммаси учинчи ва тўртинчи босқичларда келиб даволанар эди. Одатда касаллик аниқланган беморларнинг 50 фоизини аёллар ташкил этади. Афсус Андижонда аниқланган беморларнинг 52 фоизини эркаклар ташкил этмоқда. Бунга фуқароларимизнинг ўз вақтида кўрикларга бормаслиги, тиббий маданиятнинг етишмаслиги, ҳудудлардаги тиббиёт ходимларининг фаол бўлмагани ҳам сабабдир.
Сўнгги йилларда биринчи босқичдаёқ даволаниш учун мурожаат қилаётганлар сезиларли даражада ортди десак янглишмаймиз. Боиси бу йил касаллик аниқланган беморларнинг 16 фоизига биринчи босқич ташхиси қўйилган. Бу дегани ушбу беморларимиз беш йил эмас, 20-30 ҳаттоки яна 50 йил яшаш имкониятига эга», — дейди у.
Гулжаҳон Ҳакимованинг айтишича, аёллар ўртасида энг кўп тарқалган онкологик касаллик бу — кўкрак сут бези саратони касаллиги ҳисобланади.
Аёллар ўртасида энг кўп учрайдиган ва кўп тарқалган касаллик кўкрак сут бези саратони ҳисобланади. Айни шу масала бўйича кўп маърузалар қиламан. Аслида ушбу касалликнинг биринчи босқичини аниқлаш учун шифокорнинг ҳам кераги йўқ. Аёлнинг ўзи билса бўлади. Бундай ҳолатларда дархол онкологга учраш тавсия қилинади. Агарда бемор ўз вақтида муолажаларни бошласа салбий асоратларнинг олди олинади. Бу нима дегани бу аёлнинг бутун сут безини олиб ташлаш эмас фақат ўсимтани олиб ташлаб ҳеч қанақа кимётерапия ёки нур бермасдан кафолатли бир умрга тузалиб кетишига имкон дегани. Натижада бемор аёлларимиз руҳан эзилмайди, — дейди Гулжаҳон Ҳакимова.Қашқадарё
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё филиали 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳар йили ушбу масканда 10 мингга яқин беморларга тиббий хизмат кўрсатилади.
«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Нуртерапия бўлими бошлиғи Элдор Ғофуровнинг маълумот беришича, марказда замонавий ускуналар билан жиҳозланган Радиотерапия бўлими 2021 йил июнь ойидан бошлаб фаолият кўрсата бошлаган. Аниқланишича, шу пайтга қадар Радиотерапия муолажаларига муҳтож беморлар Бухоро, Қорақалпоғистон ва Тошкент шаҳрига бориб даво муолажаларини олиб келган.
Ушбу марказда даволанаётган бемор Тошқул Эшонқуловнинг таъкидлашича, марказда шароитлар етарли даражада ва у шифокорлар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлардан мамнун. Жигарости ўсмаси касаллигини бошидан кечираётган бемор Иқбол Бўйтўраева «Касаллигим учун зарур дори-дармонлар бепул берилмоқда. Бу ердаги барча шифокорлар хушмуомала. Улар ўзларининг ширинсўзлиги билан ҳам дардимизга шифо бағишлаяпти», — дейди.
Марказдаги яна бир бемор Маърифат Боймуродованинг айтишича, у касаллиги бўйича ташхис олиш учун бир маротаба Тошкент шаҳрига кўрикка борган ва пойтахтдаги шифокорлар тавсиясига биноан Қарши шаҳридаги онкологик марказга келган.
Касаллигим онкологик касаллик эканидан хабар топганимдан сўнг тушкунликка тушиб қолдим ва Тошкент шаҳрига йўл олдим. Пойтахтлик шифокорлар ҳам вилоятдаги марказда даволанишимни тавсия қилди. Беш ойдан бери ушбу касаллик билан курашяпман. Касалликни енгишимда шифокорларнинг ёрдами катта бўляпти, — дейди Маърифат Боймуродова.
Илмий-амалий марказ директори Азамат Шариповнинг маълум қилишича, марказда беморларга қўлланиладиган дори воситаларининг етарлича заҳираси мавжуд.
Марказнинг ички дорихонасида беморларнинг даво муолажалари учун дори воситалари сақланади. Асосан, кимё терапия муолажалари оладиган беморлар учун қўлланиладиган дори воситалари нархи, агар у дорихоналарда мавжуд бўлса жуда қиммат сотилади. Давлатимиз томонидан берилаётган энг катта ёрдам, ушбу қиммат нархдаги дори воситаларининг бепул берилаётганлигидир. Бизда қачонки ички ресурсда етишмовчилик кузатилсагина, бошқа шахсий дорихоналардан пул тўлаш эвазига сотиб олишни тавсия қиламиз. Ҳозирда қиммат нархдаги дорилар заҳирамиз етарлича. Ички дорихонамизда мавжуд дори воситаларини сотиш ман қилингани ҳақида муҳр босилган бўлиб, агарда сиз ушбу белги остидаги дорини дорихоналарга сотилаётганини кўрсангиз демак, бизда кимдир ўғирлик қиляпти ва албатта, ўғри қонуний жавобгарликка тортилади, — дейди Азамат Шарипов.
Пойтахтдаги онкология шифохоналари Ўзбекистондаги беморлар учун нақадар аҳамиятли эканини, нафақат беморлар, жамоатчилик ҳам билиб, кўриб турибди. Бироқ вазирлик масъуллари бу ерлар ҳам, шифохона ҳам керакмас бизга дегач, хулоса ҳар кимнинг ўзида қолади.
«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Изоҳ (0)