Тошкент метрополитени маъмурияти совуқ кунларда йўловчилар сони кескин ошгани сабаб йўловчиларга мурожаат билан чиқди.
Қайд этилишича, 5 декабрдан бошлаб кунлар совиб кетиши муносабати билан метродан фойдаланувчи йўловчиларнинг сони кескин ошиб, шу куни 620 минг кишини ташкил қилди. Бу ўтган ҳафтанинг бир кунига нисбатан 105 минг (21 фоиз) йўловчига кўп.
2020 йил декабрида бир кунда 240 минг йўловчи, 2021 йил декабрида бир кунда 400 минг йўловчи ташилган бўлса, 2022 йил декабрида эса бир кунда 620 мингни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 380 мингга (258 фоизга), 2021 йилга нисбатан 220 мингга (155 фоизга) ошганини кўрсатмоқда.
Йўловчилар ушбу вазиятга тўғри баҳо берган ҳолда метрополитендан фойдаланиш қоидаларига доимий амал қилишларини сўраймиз. Ҳаракатланиш вақтида ўзаро ҳурматни сақлаш, поезд ичидаги йўловчилар чиқиб кетгунига қадар кириш учун вагон эшиклари олдида турмаслик, манзилга келгач поездан чиқиш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, вагон эшикларига суянмаслик, шахсий буюмларни вагон ва метро ҳудудида қолдирмаслик талаб этилади.Шунингдек, метродан доимий тарзда фойдаланувчи йўловчилар тўловни банк ва транспорт карталари орқали амалга оширса, ўз вақтларини тежашлари ҳамда касса олдидаги тирбандликни максимал даражада камайтиришга ёрдам бериши қўшимча қилинган.Юқоридаги талабларга амал қилмаслик метро вагонлари эшиклари ишдан чиқишига, ҳар хил носозликлар келиб чиқишига ва бунинг натижасида оралиқ интервалларнинг узайиб кетишига олиб келади, — дейилади метрополитен маъмурияти хабарида.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)