Бемор инсон дунёдаги энг бебаҳо бойлик саломатлик эканлигини яхши билади. Афсуски, аксарият инсонлар буни жуда кеч англаб етишади. «Дарё» мухбири Наргизахон Муродова айни кунларда саломатлигидан панд еётган ўзбек санъат вакиллари ҳақида маълумот тўплади.
Машраб Кимсанов
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Машраб Кимсанов 2018 йилдан буён оғир ҳасталик билан курашади. Турмуш ўртоғи, актриса Адолат Кимсанованинг маълумот беришича, актёр шу кунгача тўрт марта инсульт ҳасталигини бошидан ўтказган. У гапиролмайди ва мустақил ҳаракатланолмайди.
— 2018 йилнинг февраль ойида илк марта инсульт ҳасталигига чалинди. Ундан олдин бирор марта саломатлигидан шикоят қилган инсон эмасди. Касаллик ҳаракатланишига бироз салбий таъсир этди. Ҳассада бўлса-да, бемалол юра оларди. Аммо ундан кейин кетма-кет икки марта инсультни бошидан кечирди. Қайнанамнинг вафотидан кейин ота уйи Яйпанга бориб, ўша ерда тўртинчи инсультга чалинди. Тўшакка михланиб, оёқ-қўллари ишламай қолди. Бундай беморларни жойидан кўчириб бўлмайди дейишгани учун бир муддат водийда даволатдик. Ундан кейин Тошкентга олиб келиб, бу ерда ҳам узоқ муолажаларни олди. Аммо ҳозирча ўзгариш йўқ. Умидим бор, юрган оёқлар яна юриб кетишига ишонаман. Суянчиқ ёрдамида бир-икки қадам ташлаганига ҳам хурсанд бўламан. Машраб Кимсанов бўйлари баланд, басавлат инсон эди. Тўрт йилда у кўринишдан асар ҳам қолмаган, — дейди актриса Адолат Кимсанова.
Раъно Шодиева
Айни кунларда Туркияда даволанаётган актрисанинг саломатлиги ҳам ҳавас қилгудек даражада эмас. У сентябрь ойида навбатдаги мураккаб жарроҳлик амалиётини ўташи ҳақида маълум қилганди. Аммо 8 сентябрдан буён Instagram саҳифасига фото ва видео жойламади. «Қўрқут ота» фестивалига борган ҳамкасблари уни кўришга боришганида, турмуш ўртоғи соғлигининг ёмонлашгани боис улар билан учрашолмаслигини айтган.
— Жигаримнинг 60 фоизи олиб ташланди ва соғлом қисмини қолдиришди. Жигар бу – ўсадиган нарса. Унинг олиб ташланган қисми Худо хоҳласа 1 йил ичида ўсиб жойига тушади. 11 соат давом этган амалиёт осон бўлмади, жуда қийин, машаққатли бўлди. Жигарнинг организм ишида 300 та функцияси бор, жигарда қон томирлари кўп. Уларнинг ҳаммасини жой-жойига қўйиб тикиш керак бўлди, — деб касаллиги ҳақида маълумот берганди актриса Раъно Шодиева.
Мурод Ражабов
73 ёшни қаршилаган актёр Мурод Ражабов ҳам бир неча йилдан буён экранларда кўринмайди. Актёр узоқ йиллардан буён қандли диабет касаллиги билан курашади. Охирги йилларда касаллик унинг эркин ҳаракатланиши, хусусан оёқларига жиддий таъсир этган. Бундан ташқари, актёр одамлар билан суҳбатда бўлишни ва касаллиги ҳақида гапиришни истамайди.
Саида Раметова
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметованинг кўкрак саратони ҳасталигига чалингани ҳақидаги хабар катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Актриса икки йилдан буён бу касаллик билан курашмоқда. Актриса съёмкаларда иштирок этса-да, соғлигини доимий равишда назорат қилиб боради. Унинг даволаниш курси тугагани йўқ.
— Яқинда ҳам текширувдан ўтдим, ҳаммаси яхши. Аммо барибир муолажани давом эттириб, парҳез қилиш, ўзимга қарашим керак. Бу касалликда ғам-ташвиш, қанақадир ёмон нарсаларни ўйламаслик, иложи борича куч тўплаб яшаш керак. Касал бўлган аёлларнинг олдига бордим, суҳбатлашдим, улар билан овқатландим. Аёл оилада керак, аёл борки, дунё, бешик тебраниб туради. Шунинг учун биз ҳам ўзимизни ўйлашимиз керак. Касаллик ўтиб кетгандан кейин эмас, олдинроқ бориб, олдинроқ даволанишимиз керак», — дейди Саида Раметова.
Жумадулла Раметов
Актёр Жумадулла Раметов икки йилдан буён Альцгеймер касаллиги билан курашмоқда. Унинг жиддий хасталикка чалингани карантин кучайган вақтда маълум бўлган. Актёрда безовталик ва хотиранинг жиддий сустлашиши билан боғлиқ аломатлар сезилган. Актёрнинг бугунги аҳволи ҳавас қилгудек даражада эмас. У яқинларининг ёрдамисиз кўчага чиқолмайди.
Малика Қаюмова
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Қаюмованинг саломатлиги қизи Дилдора Қаюмованинг вафотидан сўнг ёмонлашганди. Охирги йилларда эса актриса оёқ оғриғи билан курашмоқда. Актриса бир неча йил аввал йиқилиб, оёғидан жиддий жароҳат олган. Шундан сўнг мураккаб жарроҳлик амалиётини ҳам бошидан ўтказган. Ҳозирда актрисанинг соғлиги кўнгилдагидек бўлмаса-да, спектакль ва телелойиҳаларда иштирок этади.
Фаҳриддин Шамсиматов
Маҳоратли кино ва дубляж актёри Фаҳриддин Шамсиматов бир неча йилдан буён бел соҳасидаги ҳасталикдан азият чекади. Нафақат юриш, балки ўтириб ишлаш ҳам мумкин бўлмагани учун актёр узоқ вақт ижоддан четлашишига тўғри келди. Ҳозирда ижодкорнинг аҳволи анча яхши, у яна овоз режиссёри сифатида фаолият юритмоқда.
Ҳусан Мусабоев
Телеминиатуралар театридаги иштироки билан томошабинларга яхши таниш бўлган актёр Ҳусан Мусабоев ҳам бир неча йилдан буюн юрак хасталиги билан курашади. У ўтган йили Ҳиндистонда мураккаб жарроҳлик амалиётини ҳам бошидан ўтказди. Жарроҳликдан сўнг аҳволи анча яхшиланди, аммо бу тўлиқ даволанди дегани эмас.
Зоҳид Рисқиев
Собиқ «Уммон» гуруҳининг хонандаси Зоҳид Рисқиев шу йилнинг 29 сентябрь куни мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасига учрагач, ўзига келгани йўқ. Унинг турмуш ўртоғи Камола Ортиқова Instagram орқали хонанданинг саломатлида ҳеч қандай ўзгариш йўқлиги ҳақида маълумот берди.
Мавзуга доир:
- «Тузалмайсиз, дейишганди». Ўзбек санъаткорларининг дард билан курашда таслим бўлмасликка ундовчи ҳикоялари
- «Саратон — ҳаммаси тамом, дегани эмас». Қўрқинчли касалликни енгган ўзбекистонлик машҳурлар тарихи
- Инфаркт, хотира йўқолиши, заҳарланиш. Оғир касалликларни бошдан кечирган ўзбекистонлик машҳурлар (фото)
- Саратон билан курашаётган машҳур шахслар (фото)
Изоҳ (0)