Индонезиядаги зилзила қурбонлари сони 252 кишига етди, деб хабар бермоқда Daily Mail.
Вайроналар остидан омон қолганларни қидириш ишлари иккинчи кун давом этмоқда. Қутқарувчилар зилзила қурбонлари сони янада ортиши мумкинлигини айтди.
Камида 30 киши бедарак йўқолган, 377 киши жароҳатланган. Зилзила эпицентрига яқин Чанжур шаҳрига 22 ноябрь куни эрталаб экскаваторлар, юк машиналари ва бошқа оғир техникалар етиб келган.
Расмийлар, шунингдек, 7060 нафар аҳоли эвакуация қилинганини маълум қилди. Бундан ташқари, зилзила оқибатида яна 600 киши енгил тан жароҳати олган.
«Биз қурбонлар бўлиши мумкин бўлган бир қанча жойларда операцияларни максимал даражада фаоллаштирдик. Жамоамиз чекка ҳудудларга етиб боришга ҳам уринмоқда. Биз учун барча қурбонлар устувор, мақсадимиз уларни имкон қадар тезроқ топиш ва ҳаётни сақлаб қолиш, уларни эвакуация қилиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш», — деди Миллий қидирув ва қутқарув агентлиги раҳбари Анри Алфианди.
Эслатиб ўтамиз, 21 ноябрь куни Индонезиянинг Ғарбий Ява ҳудудида, пойтахт Жакартадан 72 километр жанубда жойлашган Чанжур шаҳри яқинида 5,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Аввалроқ 162 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)