Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 10 дан ортиқ дарахт кесиб ташлангани ҳақида хабар тарқалди. Давлат экология қўмитаси ҳолатга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Яшнобод туманидаги «Илтифот» маҳалласи ҳудудидаги қурилиш объектида дарахтларнинг ноқонуний кесилаётгани бўйича келиб тушган маълумотга асосан Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Яшнобод туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман ички ишлар бўлими ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиш ўтказилган.
Ўрганишлар давомида қурилиш ташкилоти ҳудуди кўздан кечирилганда 16 туп турли қимматбаҳо дарахтларнинг ноқонуний равишда таг қисмидан кесиб ташлангани аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 37-моддаси талаблари бузилиб, ўсимлик дунёсига кўп миқдорда зарар етказилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 3 миллиард 514 миллион 200 минг сўмни ташкил этмоқда.
Ўрганиш натижаси бўйича тўпланган материаллар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, туман прокуратурасига тақдим этилган.
Изоҳ (0)