14 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Ливия махсус хизматлари томонидан ичида 259 киши бўлган самолётнинг портлатилиши, Ми-5 фойдасига хизмат қилган КГБ полковниги ҳамда дунёдаги энг ёш оролнинг пайдо бўлишига оид фактлар ўрин олган.
Ливия махсус хизматлари томонидан портлатилган фуқаролик самолёти
1991 йил 14 ноябрь куни АҚШ ва Британия ҳукумати Пан Ам Flight 103 самолётининг ҳалокатида айбдор деб топилган икки нафар Ливия разведкаси ходимига нисбатан ҳукмини эълон қилганди.1988 йил 21 декабрь куни Буюк Британия тарихидаги энг йирик терактлардан бири содир этилган: Boeing 747-121 йўловчи самолёти ҳавода портлаб кетиб, Шотландиядаги Локбери шаҳрида жойлашган даҳалардан бирига келиб қулаган. Ҳодиса оқибатида 270 киши ҳалок бўлган. Орадан бир неча йил ўтгач, самолёт Ливия махсус хизматлари томонидан портлатилгани аниқланган: тахминларга кўра, буйруқни шахсан Муаммар Каддафи берган.
2000 йилда 26 ёшли Стивен Фланниганни поезд уриб юборади. У Локберидаги бардан уйига қайтаётган эди — ярим кеча бўлгани боис у термийўл орқали юришга қарор қилади. Суд-тиббиёт экспертларига кўра, у қоқилиб тушган ва боши билан йиқилиб, рельс устида ҳушини йўқотган. Поезд машинисти эркакни пайқаганида жуда кеч эди. Орадан икки кун ўтгач, у шифохонада ўзига келмай вафот этган.
Бир қарашда оддий туюлган воқеа Бирлашган Қиролликдаги энг нуфузли нашрларнинг асосий мавзусига айланган: «Локберилик етим» номи билан танилган инсоннинг вафоти Фланниганлар оиласи ўлимига сабаб бўлган даҳшатли воқеалар занжирига якун ясаган.
Стивен биринчи фожиани 14 ёшида — Британия ва бутун дунё билан бошидан ўтказган. 21 декабрнинг қорли кечасида у синглисига совға учун тайёрлаган велосипедини созлаш учун қўшни уйнинг гаражига борган. Бир неча дақиқадан кейин шаҳарга Boeing қулаган ва улкан оловли шар боланинг кўз ўнгида унинг уйини «ютиб юборган».
«Мен атом бомбасининг портлашини ёдга солувчи ҳодисага гувоҳ бўлдим. Улкан қўзиқорин кўринишидаги аланга», — дея эслайди самолёт қулаганига гувоҳ бўлган аёллардан бири. Шаҳарнинг аксарият аҳолиси нима содир бўлганини ҳатто тушунмаган ҳам: аввалига шаҳарда электростанцияда авария содир бўлгани ва ҳарбий самолёт қулагани ҳақида миш-мишлар юрган.
Самолёт корпуси ерга соатига 800 километрдан ортиқ тезликда қулаган. Унинг ёнилғи бакида 90 тонна керосин бор эди. Портлаш бир нечта уйни пойдевори билан бирга йўқ қилиб юборган, 20 дан ортиқ бинога шу қадар қаттиқ зарар етганидан улар бузиб ташланган, 500 метр радиусдаги темир тўсиқлар эриб кетган. Фланниганлар оиласидан ташқари Рождествони нишонлашга тайёргарлик кўрган яна саккиз киши ҳалок бўлган. Франкфуртдан Детройтга учаётган самолёт бортида 259 киши бор эди. Уларнинг ҳеч бири омон қолмаган. Ҳалок бўлганларнинг 190 нафари АҚШ, 43 нафари эса Буюк Британия фуқаролари эди.
Кейинги бир неча кун давомида Локберига бутун Британия ва АҚШдан ўз яқинларининг жасадини таниш учун одамлар кела бошлаган. Аҳолиси 2,5 минг кишини ташкил этадиган шаҳар бутун раҳм-шафқатини, инсонийлигини намоён этган: волонтёрлар марҳумларнинг қариндошлари, полиция ва ўт ўчирувчилар учун овқатланиш жойларини ташкил этган. Улар кун-у тун ишлаб, барчани иссиқ егулик ва қаҳва билан таъминлаган.
Аниқланишича, Шервуд-кресентга 9,5 километр баландликда портлаган Boeing Фюзеляжининг фақат битта катта бўлаги келиб тушган. Полициячилар ва ҳарбийлат 2 минг квадрад километрдан ортиқ ҳудудни кўздан кечириб, ҳаво кемасининг 10 мингдан ортиқ бўлакларини топган. Улар ўшанда илғор технологиялардан фойдаланган: ҳар бир металл бўлаги махсус дастурга киритилган.
Маҳаллий вақт билан соат 19:02 да экипаж охирги марта алоқага чиққан. Шундан сўнг, юк бўлмасида портлаш содир бўлган ва бортнинг чап қисмида диаметри ярим метрга тенг тешикни ҳосил қилган. Ички ва ташқи босим фарқи декомпрессия портлашини юзага келтирган — самолёт тезда қулай бошлаган. Экспертларнинг тасдиқлашича, портлашдан кейин самолётнинг тумшуқ қисми ажралиб тушган — бироз вақт у консерва банкасининг қопқоғи каби ингичка металлда осилиб турган, кейин эса ажралиб, двигателлардан бирига урилган ва Локберидан 15 километр узоқликдаги қишлоқ ҳудудига қулаган. Кейинроқ маълум бўлишича, унинг ичида бўлган икки йўловчи тирик қолган — агарда улар вақтида топилганида, омон қолган бўлар эди.
Авиация ҳалокатларини тергов қилиш бўлими мутахассислари бошқа махсус хизматлар билан биргаликда топилган далилларни бир неча ой давомида ўрганган ва 15 мингдан ортиқ инсонни сўроқ қилган. Натижада «семтекс» портловчи қурилмаси Samsonite жигарранг чамадони ичида бўлгани аниқланган. Юк Лондондан Нью-Йоркка йўловчисиз учаётган бўлган — кимдир унга керакли ёрлиқни ёпиштирган ва автоматик лентага жойлаштирган.
Ливияни бу вақтда Муаммар Каддафи бошқарарди, яна бир бошқа далил — чамадон ичида бомба билан бирга бўлган, Мальтада тайёрланган кийим ҳам ушбу мамлакат томон элтарди. Терговчилар чамадондаги кийимлар харид қилинган дўкон эгасини топган, у гумонланувчини — терактнинг асосий ижрочисини тасвирлаб берган.
Терговнинг якуний ҳисоботи 1991 йилда тайёр бўлган ва «Ливия авиатармоқлари»нинг икки нафар ходимига айблов эълон қилинган: Абдулбосит Али Маҳмуд Ал-Меграхий ва Ламин Халифа Фимаҳ. Уларнинг иккиси ҳам Мальтадаги Луки аэропортида ишлаган. Ал-Меграхий бундан ташқари Ливия разведкаси ходими бўлган.
Теракт нима сабабдан уюштирилгани очиқланмаган. Каддафининг ҳужумни ташкиллаштиришга бўлган қизиқиши АҚШга қарши душманлик кайфиятининг навбатдаги босқичи билан изоҳланади. У 1980 йиллардаги қуролли тўқнашувлар билан бошланиб, Ғарбий Берлиндаги Ла Белла тунги клубида Америка ҳарбийларининг портлатилиши билан давом этган.
АҚШ ва Буюк Британия ҳукумати зудлик билан Ливияга қарши санкциялар қўллаб, гумонланувчиларнинг топширилишини талаб қилган. Каддафи узоқ вақт сабр қилган, аммо иқтисодий босимлар остида ён босишга мажбур бўлиб, 1999 йилда Ал-Меграхий ва Фимаҳни британларга топширган. Ливия ҳукуматининг талабига кўра, суд нейтрал ҳудудда — Нидерландияда ўтказилган, бироқ Шотландия қонунлари бўйича.
Ал-Меграхий умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган, тергов етарлича далилларни топа олмагани боис Фимаҳ қўйиб юборилган.
Ливия ўзининг расмийлари учун масъулиятни 2003 йилда ўз зиммасига олган ва махсус фонд тузиб, 270 нафар қурбоннинг қариндошларига 10 миллион долларгача товон тўлаган. Санкциялар ечилган ва кўпчилик Каддафининг ён босишига иқтисодий манфаатлар сабаб бўлганини таъкидлаган.
Ака-ука Фланнинганлар фожиадан бир неча йил кейин 2,1 миллион фунт компенсация олган. Стивен ўз улушини бизнесга тиккан. Акаси Дэвид эса бу пулларни «ифлос» дея ҳисоблаб, уни тезроқ сарфлашга киришган: спорт машиналари, алкоголь ва гиёҳванд моддалар. Бироқ унинг ҳаёти узоқ давом этмаган — 1993 йилда у Таиланддаги арзон хостелда ўлик ҳолда топилган. Унинг юраги тўхтаб қолганди.
Британия махсус хизматига ишлаган КГБ полковниги
1985 йилнинг 14 ноябрь куни Британия разведкаси билан ҳамкорлик қилган КГБ ташқи разведкаси бошлиғи Олег Гордиевский СССРда сиртдан ўлимга ҳукм қилинган эди.Ўша йилнинг 16 июль куни КГБ полковниги Олег Гордиевский Кутузов кўчасидаги нон дўкони қаршисида қўлида Safeway супермаркет логотипи туширилган сумкани ушлаб турарди. Унинг ёнидан Harrods сумкасини кўтариб олган киши ўтиб кетган. У Гордиевскийга қараб, «Марс» батончигини тишлаган. Бу СССРдан совуқ уруш давридаги энг юқори мартабали сотқин жосусни олиб чиқиш бўйича операциянинг бошланиши эди.
Гордиевский 15 йил давомида Буюк Британия ва Скандинавияни КГБнинг Биринчи бош бошқармаси орқали бошқарган, ташкилотнинг Бирлашган Қиролликдаги резиденти вазифасини бажарган ва параллел равишда Британиянинг Ми-6 махсус хизматига Ovation тахаллуси остида ишлаган.
Ҳозирда 83 ёшли Гордиевский Британияда истиқомат қилади ва ғарб махсус хизматларига консультация бериш билан шуғулланади. 2007 йилда у мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлашдаги хизматлари учун Авлиёлар Михаил ва Георгий ордени билан тақдирланган.
Британия разведкасига ишлашни бошлаган ва КГБнинг Даниядаги бўлинмасига раҳбарлик қилишга тайёрланаётган Гордиевский хорижга уюштирилган иккинчи хизмат сафарида Лейла Алиева билан танишади. «У Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бюросида машинистка, эркак эса КГБ офицери ва Ми-6 жосуси эди», — деб ёзади Макинтайр.
Лейла Алиева ҳам худди Гордиевский каби махсус хизматлар агентлари оиласида дунёга келган. Аввалига улар ўзларининг муносабатларини яширган, бир ойда бир маротаба учрашиб туришган. Севишганлар меҳмонхоналардан бирида кўришишган, кейин эса таъқиблардан хавотирланиб, алоҳида-алоҳида ҳаракатланган.
Аммо уларнинг ҳаёти аввал бошидан ёлғон устига қурилган эди: Гордиевский Лейладан икки томонлама агент эканини яширган. 1978 йилда резведкачи Москвага қайтган, кейинги йилда эса Алиева ҳам етиб келган. 1979 йили Гордиевский ажрашгач, улар оила қурган, аммо жосус ҳаётидаги бор ҳақиқатни рафиқасига барибир айтмаган.
1982 йилда Гордиевский Алиева ҳамда икки нафар қизи — Мария ва Анна билан Лондонга кўчиб ўтади. Гордиевский резидент лавозимида — Лондондаги барча совет разведкачиларининг координатори бўлиб иш бошлашга тайёргарлик кўради.
«КГБнинг Лондондаги бўлинмаси дунёдаги энг фаол бўлиб, Гордиевский юқори даражадаги махфий маълумотларни қўлга киритишга тайёр эди. У юзага келадиган биринчи имкониятдаёқ Ми-6 билан қайта алоқа ўрнатишни режалаштирган. Олег Британия учун Британия ичида жосуслик қилишга киришганди. Шунингдек, у Ми-6 га ‘ўйиндан чиқмоқчилигини’ айтишга тайёрланган. Шу орқали у рақиб тарафга тўлиқ ўтиши ва аёлига иккиталик ҳаёти ҳақида сўзлаб бериши мумкин эди», — дея таърифлайди муаллиф Гордиевскийнинг ҳолатини.
Британиядаги фаолияти давомида Гордиевский Ми-6 нинг энг қадрли агентига айланади. «Биз жуда бахтли ҳаёт кечирар эдик», — дея эслайди жосус. Бироқ Лейла ҳамон ўз эрининг асл ҳаётини билмасди. У бир неча бор рафиқасининг ёнида совет режимини танқид қилган, аммо ҳар сафар аёлнинг эътирозларига сабаб бўлган. Бир сафар у хотинини ғазаблантириб, совет режимини жиноятчи деб атаган: «Агарда бунга чора кўра олмасанг, гапиришдан не наф?», — деган аёл.
Лейла турмуш ўртоғининг ишидан хабар топгунга қадар Гордиевскийни Москвага чақириб олишган. Жосус ва унинг кураторлари бу тузоқ бўлиши мумкинлигини тушунган, бироқ Гордиевскийнинг ўзи учишга қарор қилган.
Маълумотларга кўра, Гордиевскийнинг британларга ишлашини совет махсус хизматларига 1985 йили КГБ томонидан оғдириб олинган МРБ ходими Олдриш Эймс маълум қилган. Гордиевский Москва аэропортида қўлга олинган ва идора дачасига олиб борилиб, «ҳақиқат вакцинаси» ёрдамида сўроқ қилинган. Унинг аёли ҳам бир неча кундан кейин Москвага чақириб олинган.
Доимий кузатув остида бўлган Гордиевский ичишни бошлайди. Москвага кетишдан олдин Ми-6 даги унинг кураторлари қошич режасини ишлаб чиққанди. Жосус агар бу режани амалга оширгудек бўлса, ўз айбини тан олган ҳисобланиши ва оиласини хатарда қолдиришини тушунган.
Кунларнинг бирида у Лейла билан балконга чиқиб, хотинига турк—озар чегараси орқали СССРдан қочишни таклиф қилган. «Аҳмоқ бўлма», — деган аёл унга. Шунда Гордиевский ёлғиз қочишга мажбур бўлишини англаб етган.
1985 йил 16 июлда Pimlico номли операция бошланган. Сигнал берилганидан тўрт кун ўтиб, Гордиевский югургани чиққан ва ортга қайтмаган. Таъқибдан қутулган разведкачи Ленинградга ҳаракатланган поездга ўтирган, у ерда Зеленгорскка автобусда етиб олган. Автобусдан тушган агент дипломатик рақамлар тақилган машина келишини кутган. Автомобильни Британия элчихонаси ходими бошқарган, шунингдек, машинада унинг рафиқаси ва ёш боласи бор эди.
Ми-6 Финляндия чегарасида дипломатик миссия рақамлари тақилган машина текширилмайди деб ҳисоблаган, бироқ шунга қарамай, чегарачиларнинг итлари ҳидини билмаслиги учун Гордиевскийни махсус матога ўрашган.
Совет чегарачилари машинани барибир тўхтатган. Итлар юкхонадан келаётган одам исини пайқаган. Бироқ қочоқни ишлатилган памперс қутқариб қолган. Ҳайдовчи-дипломат чегарачилар билан тортишиб турганида, унинг аёли боланинг таглигини алмаштириш кераклигини тушунган. У чақалоғини машинадан олиб тушиб, юкхона устига ўтирғизган ва памперсни алмаштиришни бошлаган.
Таглик ҳиди юкхонадаги одамдан чиқаётган ҳидни тўсиб қўйган ва итлар тинчланган. Бир неча дақиқадан кейин Гордиевский Ян Сибелиуснинг «Финляндия» симфоник поэмаси овозини эшитган — бу чегарадан ўтилганини билдирарди.
Дунёдаги энг ёш орол
1963 йил 14 ноябрь куни Исландиянинг Ислеифур II кемаси денгиз юзасига кўтарилаётган қалин тутунга дуч келади. Кема воқеа жойига шошади: бортдаги балиқчилар қайин ёняпти деб ўйлаган. Бироқ тутун ортида фожиа эмас, аксинча, ақл бовар қилмас ҳодиса — Исландиянинг энг жанубий нуқтасида янги ер пайдо бўлаётганди.Денгиз устидаги ер бўлаги Исландиядаги вулқоннинг отилиши натижасида пайдо бўлган. Мазкур ерости фаоллиги бир неча йил давом этган: дастлабки ҳафтада оролнинг узунлиги 1,5 километрга етган ва секин-аста катталашиб борган. Ҳодиса тўрт йилдан кейин, вулқон юз марталаб отилгач, тўхтаган. Натижада 1967 йили Атлантикада денгиз тубидан отилган кул ва лавадан иборат 2,7 километр майдонга эга орол пайдо бўлган. Орол скандинавия мифологиясидаги қаҳрамон — оловли вулқон Сурт шарафига номланган.
Сюрцейнинг ноодатий тарихидан хабардорлар унинг юзасида вулқон бор деб ҳисоблайди. Аслида бундай эмас, ушбу қуруқлик бўлагининг ўзи 1960 йилларда ўчган вулқон бўлиб, у яна фаоллашиши даргумон. Умуман олганда, у майдони 1200 квадрат километрга тенг Вестманнайяр сувости вулқонлар комплексининг бир қисми ҳисобланади.
Майдони 2,7 квадрат километрга тенг Сюрцей вулқон кулидан ташкил топгани боис океан оқимларига бардош беришга қийналган. Дастлабки йилларда эрозия шу қадар кучли бўлганидан унинг майдони икки баробарга қисқариб кетган, ҳозирда у 1,4 квадрат километрни ташкил этади. Олимлар бу борада ижобий прогнозларини билдиради: эрозия анча олдин секинлашган ва кейинчалик у мазкур янги ерга катта таъсир кўрсатмайди.
Гап шундаки, орол қирғоқлари аввалига тефра қолдиқларидан иборат бўлган, улар эса жуда мўрт ва беқарор, сувда осон ювилади. Масалан, Сюрцей пайдо бўлганида унинг ёнида бошқа бир — Ёлнир ороли ҳам ҳосил бўлган, аммо етарлича барқарор эмаслиги боис бир неча ойдан кейин океан оқимлари томонидан ювилиб кетган. Сюрцей билан бундай бўлмайди — унинг марказий қисмларида анча қаттиқ вулқон жисмлари жойлашган бўлиб, улар ҳали юз йилларга бардош беради.
Сюрцейнинг пайдо бўлиши дарҳол олимлар диққат марказига тушган. Ахир у ерда пайдо бўладиган ҳаётни кузатиш мумкин эди. Тадқиқотлар учун кўп вақт талаб этилмаган, қуруқликда тез орада микроорганизм ва бактериялар пайдо бўла бошлаган.
Кейинроқ ушбу қуруқликка ҳашаротлар учиб келган, денгиз сувлари умуртқасиз организмлар ва ўсимликларни олиб келган. 1965 йилда, Вестманнайера вулқони фаоллиги давом этаётган бир пайтда дастлабки ўсимликлар пайдо бўлган. 1980 йиллар ўртасига келиб уларнинг тури 20 га етган. 1998 йили оролда биринчи бута — оқ тол пайдо бўлган.
Исландия оролни қўриқхона дея тан олган, 2008 йилда у UNESCO рўйхатига киритилган. Орол очиқ осмон остидаги лаборатория бўлгани боис у ерга ташриф буюрувчиларнинг боришига йўл қўйилмайди, фақат самолётдан туриб кузатиш мумкин.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)