Украина ҳукумати ҳарбий ҳаракатлар шароитида мамлакат Қуролли кучлари ва иқтисодига ёрдам беришдан бош тортган компанияларни давлат назоратига ўтказмоқчи. Бу ҳақда Украина Энергетика вазирлиги раҳбари Герман Галушенко Financial Times нашрига маълум қилди.
«Биз омон қолишимиз керак, бу ҳамма учун умумий вазифа. Агар давлат кимдир алоҳида ўйин ўйнашга уринаётганини кўрса ва бу Россиядан ҳимояланиш мақсадига зид бўлса, бунга қандайдир чоралар кўрилишига аминман», — деди вазир.
У Киев компанияларни молиявий жиҳатдан яхшилаш ниятида эканини қайд этиб, бундай чора-тадбирларнинг натижалари тез кўринишига умид билдирди.
Галушенко Украина ҳукуматининг чора-тадбирларини миллийлаштириш деб аташдан бош тортди ва компанияларнинг давлат назорати остига ўтказилиши вақтинчалик ҳамда уруш даври иқтисодиёти учун мўлжалланганини таъкидлади. У бизнес эгалари ўз мол-мулкини қайтариб олишига ёки уларга компенсация тўланишига ваъда берди.
Сентябрь ойида Украина президенти Владимир Зеленский Украина ҳарбий-саноат комплекси учун зарур ускуналарни, шунингдек, «вақтинчалик босиб олиниш хавфи мавжуд» ҳудудда жойлашган мулкларни давлат назоратига ўтказишга рухсат берувчи тузатишларни маъқуллаган эди. Қонун ҳарбий ҳолат ёки фавқулодда ҳолат шароитида амал қилади.
Изоҳ (0)