Тошкент метрополитени «Чилонзор» йўналиши Сергели йўлининг 5-бекатида 7 ноябрь куни носозлик юзага келиши оқибатида поездлар бир томонлама ҳаракатни амалга оширди. Бу ҳақда метрополитен ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, соат 19:10 да поезд ҳаракат йўлида техник носозлик ҳолати кузатилган, бунинг оқибатида бекатда бўлган 17-сонли ҳаракат таркиби ҳаракатлана олмаган ҳамда ушбу йўлда йўловчилар ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳаракат вақтинчалик тўхтатилган.
Ушбу вақт оралиғида «Буюк Ипак йўли» ҳамда «Олмазор» бекатлари оралиғида поездлар жадвал асосида ҳаракатланган.
«Олмазор» ҳамда Сергели йўли 5-бекат оралиғида ушбу носозлик ҳолати тузатилгунга қадар бир томонлама ҳаракат амалга оширилган. Соат 19:37 да кузатилган носозлик мутахассислар томонидан бартараф этилган ва поездлар ҳаракатлана бошлаган. Ҳозирда барча поездлар белгиланган жадвал асосида ҳаракатланмоқда.
Изоҳ (0)