2022 йил январь—сентябрь ойларида Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақи 3,72 млн сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 24,9 фоизга ўсди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.
Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда 3 млн нафар ходимнинг маълумотларидан фойдаланилган.
Маълум бўлишича, январь—сентябрь ойларида ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача маош Тошкент шаҳрига тўғри келади — 5,96 млн сўм. Тошкент ўтган чоракда ҳам биринчи ўринда қайд этилган эди.
Кўплаб саноат зоналари жойлашган Навоий вилояти 4,95 млн сўмлик кўрсаткич билан иккинчи ўринни эгаллаган. Тошкент вилояти эса бу даврда учинчи поғонада қолган — 3,8 млн сўм.
Йил бошидан бери энг кам ойлик иш ҳақи 2,73 млн сўмлик маош билан Самарқанд вилоятида қайд этилган. Шунингдек, Фарғона (2,78 млн сўм) ва Наманган вилоятларида (2,8 млн сўм) ҳам ойлик маош қолган ҳудудларга қараганда нисбатан пастроқ бўлмоқда.
Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига 2022 йил 1 июндан ўзгартириш киритилган ҳамда 920 минг сўмга етказилган.
Изоҳ (0)