28 октябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан машинист хатоси сабаб Боку метросида ҳалок бўлган юзлаб йўловчи, Франция томонидан АҚШга совға қилинган Озодлик ҳайкали ва немис фашистларидан озод этилган Украинага оид фактлар ўрин олган.
Боку метросида юз берган энг йирик ҳалокат
1995 йилнинг 28 октябрь куни Бокуда бутун дунё метролари тарихида қурбонлар сони бўйича энг катта ҳалокат юз берганди. Станциялараро ҳаракатланган электропоезд вагонида юзага келган ёнғин оқибатида 286 киши ҳалок бўлган, яна шунча одам жароҳат олган. Озарбайжон ҳукумати фавқулодда ҳолат машинистнинг туннелда тўхташ борасидаги қарорини сабаб юзага келганини маълум қилган.Боку метрополитени 1967 йилда ишга туширилган бўлиб, Совет Иттифоқида Москва, Ленинград, Киев ва Тбилисидан кейинги бешинчи ерости йўлига айланган. У бугунги кунда ҳам йўловчилар оқими ва бошқа қатор муҳим тавсифлари бўйича постсовет давлатлари орасида бешинчи ўринда туради. Боку метросининг тарихида инсонлар ўлимига сабаб бўлган бир неча воқеалар юз берган. 1994 йилнинг 13 март ва 3 июль кунлари аввалида станция платформасида, кейинроқ электропоезд вагонида терактлар содир бўлган. Биринчи портлаш оқибатида 114 киши ҳалок бўлган, 49 киши жароҳатланган. Иккинчи теракт 13 кишининг ўлимига сабаб бўлган, ярадорлар — 58 киши. Озарбайжон ўшанда терактлар Арманистон махсус хизматлари томонидан уюштирилганини маълум қилган.
1995 йил 28 октябрь куни эса Боку ер ости йўлида қурбонлар сони бўйича тарихдаги энг йирик ҳалокатлардан бири содир бўлган. Ёнғин оқибатида 286 киши, жумладан, 28 нафар бола ва уч нафар қутқарувчи ҳалок бўлган. 270 киши жароҳат олган.
Фожиа соат 17:00 ларда бошланган. Манбаларда фавқулодда ҳолат энг «тиғиз вақт»да, шаҳарликлар ишдан уйга қайтаётган, вагонлар эса йўловчиларга тўла бўлганида содир бўлгани келтирилади. Аслида бундан эмас: 27 йил олдин ушбу кун шанбага тўғри келган, акс ҳолда қурбонлар сони янада кўп бўларди.
Вагонлардан бирининг юк тортувчи двигателларидан бирида ёнғин чиққач, ваҳимага тушиб қолган машинист таркибни «Улдуз» ва «Нариман Нариманов» станциялари орасидаги тор туннелда тўхтатган. Олов тез тарқала бошлаган, бунга вагонларнинг 98 фоиз қисми тез ёнувчан материаллардан ишлангани ҳам сабаб бўлган. Машинист зудлик билан авария ҳақида диспетчерга хабар берган. Контакт рельслардан кучланишни олиб ташлашга қарор қилинган. Бу йўриқномага тўғри келарди, бироқ қуввати ўчирилган поездни станцияга қайтариш имконсиз бўлиб қолган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, охирги икки вагонда кутилмаганда куйинди ҳиди тарқалган, кейин чироқ ўчган. Олтита вагонни бир зумда олов қоплаб, алангали қопқон ҳосил қилган.
Омон қолганлардан бири кейинчалик шундай эслаганди: «Поезд туннелга кириши билан чақноқни кўрдим. Кейин аланга вагонни эгаллаб олди, ойналар синдирил ва чироқ ўчди. Одамлар вагондан чиқиш учун ойналарни синдиришга тушди. Биз нафас ололмай қолдик».
Бокудаги фожиадан уч кун ўтиб, мустақил мутахассислар агарда машинист поездни тўхтатмасдан энг яқин перронга қадар ҳаракатланганда, кўпчилик омон қолган бўлишини маълум қилган: таркиби «Улдуз» станциясидан 200 метр узоқликда тўхтаб қолган. Қарор диспетчерлар томонидан тўлиқ маълумот йўқлиги ва вазиятни яхши англамагани сабаб қабул қилинган. Фуқаролик мудофааси шаҳар штабига бу борадаги хабар фавқулодда ҳолатдан бир соат ўтиб етиб келган.
Метрога тушган ўт ўчирувчи ва қутқарувчилар 400 га яқин одамни эвакуация қилган. Улар 6 соат давомида оловчи ўчирган ва омон қолган йўловчиларни юқорига чиқарган.
Бундан олдинги йилларда уюштирилган терактлар сабаб ҳодиса аввалига портлаш, қасддан ёнғин уюштириш сифатида қаралган. Аммо тахминлар тасдиқланмаган. Аварияни текшириш бўйича ҳукумат комиссияси фожиага техник носозлик, шунингдек, машинистнинг тўхташ тўғрисидаги хато қарори бўлган, деган хулосага келган. Комиссия раҳбари, Озарбайжон ҳукумати раҳбарининг ўринбосари Аббос Аббосов ҳалокатга совет давридан қолган эски ускуналар сабаб бўлганини айтган.
Ҳалок бўлганлар хотирасига Озарбайжон президенти Ҳайдар Алиев умуммиллий мотам эълон қилган. Давлат раҳбари қурбонларни давлат ҳисобидан дафн этиш ва уларнинг оилаларига 1 миллион манат (ўша даврдаги курс бўйича 230 доллар) ажратиш топшириғини берган.
Французлар совға қилган Озодлик ҳайкали
1886 йил 28 октябрь куни Нью-Йоркдаги Озодлик ҳайкалининг расмий очилиши бўлиб ўтганди. Озодлик ҳайкалининг оригинал макети франциялик ҳайкалтарош Фредерик Огюст Бартолди томонидан 1870 йилда тайёрланган бўлиб, унинг биринчи нусхасини ҳозирда Эйфель минораси яқинидаги Люксембург боғида кўриш мумкин.Ҳайкал Американинг айнан қаерига ўрнатилишини Бартолди танлаган. Унинг фикрича, Манхэттен чегарасидан 3 километр жануби-ғарбда жойлашган Бедлоу ороли монумент учун идеал жой ҳисобланган. Тарихчиларга кўра, Бартолди ўзининг улкан ҳайкалини нафақат Нью-Йорк яқинидаги оролга, балки Қизил ва Ўрта ер денгизларини бирлаштириб турувчи Сувай каналидаги Порт-Саидга ҳам ўрнатишни режалаштирган. «Осиё нур сочаётган Миср» лойиҳасини амалга ошмаган, бироқ Бартолдининг меҳнати бесамар кетмаган ва АҚШ ҳудудида амалга ошган. Бундан ташқари, Сувайш канали қурувчиси Лессенс АҚШдаги Озодлик ҳайкалини яратиш бўйича қўмита раҳбарлигига тайинланган.
Монументни Бедлоу оролига ўрнатиш лойиҳаси АҚШ Конгресси томонидан 1877 йилда тасдиқланган. Французлар уни АҚШ Мустақиллик декларациясининг 100 йиллигига — 1876 йил 4 июль санасига тақдим этишни режалаштирган. Бироқ маблағ йиғиш жараёнлари чўзилиб кетган ва бу вақтда келиб фақатгина машъалани ушлаб турган мис қўл тайёрланган. 1878 йил июлда Озодлик маликасининг бош қисми тайёр бўлган.
Таъкидлаш керакки, ҳайкални ўрнатиш учун маблағлар мавжуд барча усулда йиғилган: баллар, спорт мусобақалари, кўргазма ва лотереялар ташкиллаштирилган. Айниқса, New York World газетаси эгаси Путисер монументнинг қурилишига катта молиявий ёрдам кўрсатган.
Озодлик ҳайкали оғирлиги 125 тоннани ташкил этувчи пўлат каркасдан иборат. Конструкцияни лойиҳалаштириш ва қуришга Густав Эйфель таклиф этилган. Каркас шундай тузилганки, монумент ичида бемалол ҳаракатланиш ва зина орқали кўтарилиши мумкин. Тож қисмида жойлашган томоша майдончасига қадар 354 та зинани босиб ўтиш керак. Қимматбаҳо тошлар кўринишида бўлган 25 та ойна Нью-Йорк бандаргоҳига қараган.
Пўлат скелет усти умумий оғирлиги 31 тоннани ташкил этувчи 2,37 миллиметр қалинликдаги мис бўлаклари билан қопланган. Бир-бирига боғланган мис бўлаклар ҳайкалнинг шаклини ташкил қилади. Ҳайкалнинг бир оёғида синган занжир мавжуд — Бартолди шу орқали озодликка эришишни рамзий ифодалаган. Озодлик ҳайкалининг чап қўлидаги китобда АҚШ Мустақиллик декларацияси қабул қилинган сана Рим рақамларида ёзилган: JULY IV МDCCLХХVI.
Ҳар йили Озодлик ҳайкалига 4 миллиондан ортиқ турист ташриф буюради. Оролдаги Миллий боғча чиқиш эркин, бироқ унга етиб олиш учун паромда ҳаракатланиш, шунингдек, яхшилаб текширувдан ўтишга тўғри келади.
Фашист босқинчиларидан озод этилган Украина
Иккинчи жаҳон уруши даврида Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар 40 ой давом этган — 1941 йил 22 июндан 1944 йилнинг 28 октябрига қадар. Немис қўшинлари ҳужум вақтида қақшаткич қаршиликка учраган. Бунга 1941 йил июнь охирида Дубно—Луск—Броди яқинидаги энг йирик танклар тўқнашуви, ўша йил сентябридан бошланган Киев мудофааси, 1941 йил 5 августдан 16 октябргача чўзилган Одесса мудофааси бунга мисол бўла олади.Бироқ 1941 йил июлнинг иккинчи декадасида фашист қўшинлари Ғарбий Украинани эгаллайди. 24 октябрь куни Харьков таслим бўлади. 4 ноябрда совет қўшинлари Балаклея—Артемовск—Пугачёв—Хорпи чизиғидан чекингани боис, Донбасснинг катта қисми эгаллаб олинган.
1942 йилнинг декабрида фелдмаршал Паулюснинг 6-армияси Сталинград (ҳозирда Волгоград) яқинида қуршовга олингач, совет қўшинлари биринчи украин қишлоқлари ва Шарқий Донбассдаги шаҳарларни озод этади. 1943 йил январдан 1944 йил кузга қадар бутун Украина ҳудудини озод этиш учун курашлар давом этган. Бу даврда Украина ерларида бутун совет қўшинларининг ярми жойлаштирилган. Украина ҳудудида Қизил армия жами 15 та ҳужум операциясини ўтказган.
Украинани озод этиш бўйича жанглар асосан 1943 йилнинг ёз фаслига тўғри келган. Курскда ғалаба қозонган совет қўшинлари Харьковшина ва Донбасс ҳудудларига кириб борган. 1943 йил 23 августда Белгород-Харьковдаги «Румянцев» операцияси давомида Харьков озод этилган.
Энг ёдда қоларли жанглардан бири Днепр учун курашда кечган. Днепрни учун жангда қарийб 4 миллион киши қатнашган, фронт 750 километрга чўзилган. Бундан уруш икки босқичда кечган: биринчисида (13 августдан 21 сентябрга қадар) Чернигов-Полтава ва Донбасс операциялари ўтказилган бўлиб, натижада совет қўшинлари Днепрга чиқиб борган; иккинчисида (22 сентябрдан 23 декабргача) совет қўшинлари Днепр ўнг қирғоғидаги 23 та пласдармни эгаллаган ва Киев, Нижнеднепровск операцияларини бошлаган. 1943 йилнинг август декабрь ойларида душманнинг 60 дан ортиқ дивизияси яксон этилиб, Украинанинг катта қисми, Донбасс озод этилган.
Ўша йилнинг декабрь охирларида Днепр-Карпат операцияси — Иккинчи жаҳон урушидаги энг йирик стратегик операциялардан бири бошланган. Натижада Украинанинг ўнг қирғоқ қисми озод этилган. Мамлакат ҳудудидаги жанговар ҳаракатлар давомида 3 миллионга яқин аскар ҳалок бўлган. Украинадаги 700 дан ортиқ шаҳар ва 28 минг қишлоқ тўлиқ ёки қисман яксон қилинган, қарийб 10 миллион одам бошпанасиз қолган. Немислар 16 мингдан ортиқ саноат корхоналарини йўққа чиқарган.
Уруш давомида Украинанинг жами 8-10 миллион аҳолиси ҳалок бўлган. Тинч аҳолининг ўлдирилиши билан боғлиқ энг йирик қирғин Бабий-Яр чегарасида амалга оширилган. У ерда 150 минг яҳудий, Киев касалхоналаридаги беморлар ва оддий фуқаролар ўлдирилган. 1941-1944 йиллар давомида Украинада жами 1,5 миллиондан ортиқ яҳудий — Холокост қурбонларининг тўртдан бири ўлдирилган.
Шунингдек, Украина ҳудудида Иккинчи жаҳон уруши давомида содир этилган энг оммавий қотиллик амалга оширилган. 1943 йилнинг 1-2 март кунлари СССР жангчилари, Украина ёрдамчи полицияси ва Венгрия армияси жазолаш ҳаракати давомида Чернигов вилоятидаги «Корюковка» қишлоғининг деярли бутун аҳолисини — 6,7 мингга яқин одамни ўлдирган. Нацистлар Украинанинг 2,5 миллионга яқин аҳолисини қулликка олиб кетган.
28 октябрь Украинада фашист босқинчиларидан озод этилган кун сифатида нишонланди. У мамлакат президентининг 2009 йил октябрдаги қарори билан умуммиллий байрамлар қаторига киритилган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)