Фарғона вилояти Риштон туманида фуқаронинг банк картасидан 8 миллион сўм ўғирланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Қайд этилишича, Риштон туманида яшовчи фуқаро Қ.М. ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс унга тегишли бўлган банк картасидан Click Evolution мобил иловаси орқали 8 миллион сўм пул маблағини ечиб олганини билдириб, қонуний чора кўришни сўраган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида пулларни ўзлаштирган шахс Фарғона вилояти Қува туманида яшовчи 1990 йилда туғилган С.Ж. экани аниқланган. У Beeline уяли алоқа компаниясидан янги рақам расмийлаштириб олиб, уни Click Evolution мобил иловасидан рўйхатдан ўтказганида бегона банк картаси SMS-харабномаси ва бошқаруви мавжудлигидан фойдаланиб, ушбу жиноятни амалга оширгани маълум бўлди.
С.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)