Наманган вилояти Поп туманида 1,2 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағини ўзлаштиришган МЧЖ раҳбари аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Поп тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда «А-П.» МЧЖ раҳбари А.Т. турмуш ўртоғи С. номига ташкил этилган «О.С.» МЧЖга банк филиалидан ажратилган 1 миллиард сўм ҳамда «А-П.» МЧЖга ажратилган 200 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига харид қилинган тиббий дастгоҳлар ва ишлаб чиқариш ускунасини бошқа шахсларга сотиб юборгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)