Россиянинг Москва шаҳрида иш вақтида жароҳат олган Ўзбекистон фуқаросига компенсация тўланди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, апрель ойида ишлаш мақсадида Москва шаҳрига борган фарғоналик М.Н. август ойида бахтсиз ҳодиса оқибатида оғир тан жароҳат олиб, меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган.
М.Н.нинг яқин қариндошлари Миграция агентлигига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ҳолат ўрганилиб, фуқаро Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан, шифокор назоратида Ўзбекистонга олиб келинган.
Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси негизидаги Меҳнат мигрантларининг мурожаатлари билан ишлаш ва уларга ҳуқуқий кўмаклашиш маркази томонидан фуқарога иш берувчидан 1 миллион 350 минг рубль миқдорида моддий ёрдам ундириб берилган.
Изоҳ (0)