Тошкент шаҳри Миробод туманида 17 октябрь куни учта транспорт воситаси иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, ҳолат шу куни соат 13:30 ларда Миробод тумани Фарғона йўли кўчасида содир бўлган. М.Н. (1991 йилда туғилган) бошқарувидаги MAN юк автомашинаси (тиркамали) йўл бўйлаб ҳаракатланиб кетаётиб, тормоз тизимида носозлик пайдо бўлган. Аммо ҳайдовчи автомашинани тўхтатишни имкон қилолмаган. Шу сабабли светофорнинг ҳаракатни тақиқловчи қизил чироғида тўхтаб турган А.Ф. (1972 йилда туғилган) бошқарувидаги MAN йўловчи ташувчи автобуснинг орқа чап қисмига келиб урилган.
ЙТҲ оқибатида MAN юк автомашинасини кабина қисми маҳкамланган жойидан узилиб ерга тушган. Кабина сирпаниб бориб, светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган Д.Г. (1973 йилда туғилган) бошқарувидаги Nexia-3 автомашинасига урилиб, шикаст етказган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳат олганлар йўқ.
Изоҳ (0)